Ёдингизда бўлса, 2018 йилнинг май ойи ўрталарида кучли ёмғирлар ёғиши натижасида Сурхондарё вилоятлари ҳудудларида шиддатли сел юзага келганди. Сел оқими Сурхондарёнинг Қумқўрғон, Бойсун, Шеробод ва Денов туманларида аҳоли турар-жойларига катта талофатлар етказганди. Табиий офат ортидан зудлик билан мазкур ҳудудларда тезкор штаблар ташкил этилди. Селдан сўнг етказилган зарарларни аниқлаш мақсадида ишчи гуруҳлар фаолият олиб борди. Баҳоловчи ташкилотлар сел босган жойларда бўлиб, ҳисоботлар тайёрлади.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
2018 йилнинг 28 июнь куни эълон қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 528-ф сонли фармойишида давлат томонидан ушбу ҳудуд аҳолисининг яшаш жойларига сел оқибатида етказилган зарарга компенсация тўланиши белгиланганди. Фармойишда 235та уй вайронага айлангани ва уларни таъмирлаш учун жами 12,6 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилгани кўрсатилганди. Шундан 7 миллиард 580 миллион сўми Қумқўрғон туманидаги «Элобод», «Ариқошган», «Азларсой» ва «Боғаро» маҳаллаларида яшаётган, селдан зарар кўрган фуқароларга ажратилиши кўзда тутилганди.

Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятининг ўша пайтдаги ҳокими Эркинжон Турдимов топшириғи билан муаммони ҳал этиш мақсадида ишчи гуруҳ тузилганди. Вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари бу ишларга шахсан масъул этиб тайинланганди. Уйи вайрон бўлганларга ярми нақд, ярми пластик картада пул маблағлари тарқатилганди. Шу билан биргаликда, кўпчиликка ҳомийлар ҳам бириктирилганди.

Бироқ, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, аҳолига берилган пластик карталарга «блок» солинган. Ўша вақтда аҳоли мурожаати бўйича Kun.uz воқеани жойига бориб ўрганганди. Ростдан ҳам воқеа шундайлигига гувоҳ бўлгандик. Журналистик суриштирув ўтказиб, вилоят ҳокимлигига борган вақтимизда улардан изоҳ ололмаганмиз. Вилоят прокуратураси эса бу иш юзасидан жиноят иши очгани ва қолган маълумотлар тергов сирилигини айтиб тўлиқ маълумот бермаганди. Мана орадан маълум вақт ўтиб мазкур аҳоли вакиллари яна мурожаат қилди.






















