ПФЛ бош директори Омон Ғофуров ижтимоий тармоқда тарқалган хат мазмуни ва бу ҳақдаги мақола бўйича Tribuna.uz мухбири саволларига жавоб берди.
Аввалроқ, Суперлига клубларида мухлисларни стадионга жалб қилиш ишлари суст олиб борилаётгани ва бу камчиликни бартараф қилиш учун бажариш лозим бўлган чора-тадбирлар, шунингдек, бу талабни бажармаган клубларга нисбатан жарима миқдорлари ёзилган ПФЛнинг огоҳлантириш хати бўйича Tribuna.uz мухбирининг мақоласи эълон қилинган эди.
- Омон ака, бу хат ҳақиқатдан ҳам ПФЛ томонидан клубларга жўнатилганми?
- Ҳа, бу хат ҳақиқатдан ҳам Суперлиганинг барча клубларига жўнатилган. Биз клубларнинг мухлислар билан ишлаши, уларни стадионларга жалб қилиши бўйича тадбирлар суст олиб борилаётгани учун шу хатни жўнатганмиз.
- Хатда клублардан Олий ва ўрта махсус ўқув юртлари талабалари, маҳалла аҳолиси билан стадионларни тўлдириш талаб қилинганми?
- Йўқ. Бу ерда гап Олий ва ўрта махсус ўқув юртлари ва маҳалла идоралари билан ишлаш, ҳамкорлик қилиш ҳақида кетмоқда. Клублар Олий ва ўрта махсус ўқув юртларига, маҳаллаларга бориб, мастер-класс ва шунга ўхшаш тадбирлар ўтказиш орқали ёшларни футболга қизиқтириши, уларни стадионга жалб қилиши талаб қилинган. Афсуски, Суперлига клублари бу талабларни бажармаяпти, ёшларни, аҳолини футболга қизиқтириш, стадионларга жалб қилиш ишларини суст олиб бормоқда.
- Клублар VIP секторга қарама-қарши бўлган секторларни мухлислар билан тўлдириши лозимлиги ҳақидаги талабга қандай изоҳ берасиз? Стадионларимизнинг хусусияти шундайки, агар ўйинлар кундуз куни ўтказилса, бу секторлар қуёш тагида қолиб кетади-ку?
- Биринчидан, ТВ камералар қаратилган секторларни мухлислар билан тўлдиришни биз ўйлаб топмаганмиз. Бу Ла Лига тажрибасида ҳам бор. Аввало бу нарса реклама берувчиларни жалб қилиш учун, ТВ трансляцияси жозибасини ошириш учун қилинади. Агар стадион томошабинга тўлса, реклама берувчилар ҳам хурсанд бўлади, уларнинг сони кўпаяди, натижада Лиганинг ҳам даромади ошади. Бундай амалиёт дунё футболида бор. Иккинчидан, Суперлига ўйинларининг аксарияти кечки пайтда бошланяпти. Баъзиларини, масалан Самарқанд ва Термиздаги ўйинларни кундуз куни бошлаганмиз, бу тўғри. Аммо стадионнинг ёритиш тизими талаб даражасига келтирилганидан сўнг, бу стадионлардаги ўйинлар ҳам кечқурун ўтказилади. Демак, мухлисларнинг қуёшда жизғанак бўлиши, озор чекиши ҳақида гап-сўз бўлиши мумкинмас.
















