Диёр Имомхўжаев яна 4 йил муддатга Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси директори этиб тасдиқланди. Бу ҳақда лига матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, 17 август куни Ўзбекистон футбол ассоциация президенти Баҳодир Қурбонов томонидан имзоланган тақдимнома лига Ижроия қўмитасига юборилган ва унда лига бош директори лавозими учун Диёр Имомхўжаев номзоди илгари сурилган.
19 август куни Ижроия қўмитанинг 8 нафар аъзоси мазкур масалани кўриб чиқди. Йиғилиш якунига кўра, Ижроия қўмитанинг барча аъзолари бир овоздан Диёр Имомхўжаев номзодини навбатдаги ваколат муддатига бош директор сифатида тасдиқлади.
Ташкилотнинг амалдаги раҳбари 2026 йилнинг 19 август санасидан эътиборан кейинги 4 йил давомида ўз вазифасини бажаришда давом этадиган бўлди.
Маълумот учун, асли спорт журналисти ҳисобланган Диёр Имомхўжаев 2020 йилдан эътиборан лига бош директори вазифасини бажарувчиси, 2022 йилдан эса бош директори сифатида ишлаб келмоқда.









