Ўзбекистон | 09:19 / 08.04.2019
7437
2 дақиқада ўқилади

50 фоиздан ортиқ улуши давлатга тегишли бўлган тижорат ташкилотларини ташкил этиш тақиқланиши мумкин

Фото: Shutterstock

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ҳукумат тузилмасига кирувчи идоралар ва хўжалик бошқаруви органларини янада ихчамлаштириш ва фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан қуйидаги тартиб ўрнатилиши мумкин:

2019 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида устав капиталидаги 50 фоиздан ортиқ акцияси (улуши) давлатга тегишли бўлган тижорат ташкилотлари ташкил этиш таъқиқланади, бундан миллий хавфсизликни таъминлашнинг бошқа имкони бўлмаган соҳалар мустасно;

2019 йил 1 июлдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятини бошқаришнинг янги воситаларини жорий қилишга ташаббус кўрсатган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари тадбиркорлик субъектларига тартибга солиш юкини камайтиришни мавжуд бошқа давлатнинг тартибга солувчи воситаларини хусусий секторга бериш ёки бекор қилиш орқали таъминлашлари шарт.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

давлат иштирокидаги акциядорлик жамиятлари ва масъулияти чекланган жамиятлар, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, шунингдек, хўжалик бирлашмаси шаклидаги уюшмалар (холдинглар)нинг вазифалари ва функцияларини танқидий кўриб чиқиб, уларнинг фаолиятини такомиллаштириш, жумладан тегишли ваколатларини давлат бошқаруви органларига бериш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси юзасидан таклифлар киритади;

давлат ва хўжалик бошқарув органлари ҳамда давлат ҳокимияти органлари фаолиятида аутсорсинг механизмини қўллаш, шу жумладан давлат органлари функцияларини аутсорсинг асосида хусусий секторга бериш ва аутсорсерларни танлаш бўйича танлов ўтказиш тизимини жорий этиш бўйича тегишли қарор қабул қилади.

Мавзуга оид