Ҳукумат тузилмасига кирувчи идоралар ва хўжалик бошқаруви органларини янада ихчамлаштириш ва фаолиятини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури лойиҳасига кўра, “Кибержиноятчиликка қарши курашиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши мумкин.

Бунда қуйидагилар назарда тутилади:

телекоммуникация, ахборот ва киберхавфсизлик соҳасидаги назорат тизими, муҳим ахборот инфратузилмасининг мукаммаллигини таъминлаш;

давлат ахборот тизимлари объектлари, рақамли иқтисодиёт ва шахсий маълумотларнинг муҳофаза қилинишини таъминлаш чораларини тизимли кўриш тартиби;

бузғунчи кучларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва Интернет тармоғидан фаол фойдаланиши аҳоли, айниқса, ўсиб келаётган авлоднинг дунёқараши ва онгига салбий таъсир кўрсатишининг олдини олишнинг мукаммал ягона механизмини яратиш;

ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва жорий қилиш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйишда маъмурий, фуқаровий ва жиноят қонунчилигига киберхавф ва унинг оқибатини бартараф этиш чораларини акс эттирувчи нормалар киритиш;

миллий ахборот маконини ҳимоя қилишнинг замонавий усулларини жорий қилган ҳолда ягона киберхавфсизликни таъминловчи ваколатли давлат органини ташкил этиш ва унинг ҳуқуқий мақомини белгилаш.

2019 йил 1 октябрга қадар Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилади ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади.

Масъул ижрочилар - Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси, тегишли вазирлик ва идоралар.