Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Судлар, суд процесслари ва улар иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қарор лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ички ишлар вазирлигининг 2018 йил 23 февралдаги 11-87, 20-сон қарори билан тасдиқланган Судлар, суд процесслари ва улар иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартишлар киритилиши мумкин.
Хусусан, 14-1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“14-1. Адвокат ўз профессионал фаолиятини амалга ошириши учун, Ўзбекистон Республикасининг процессуал кодексларига қатъий риоя этган ҳолда, суд биносига компьютер, мобиль ва бошқа алоқа воситаларини монеликсиз олиб кириш ҳуқуқига эга, ёпиқ суд мажлислари бундан мустасно. Бунда қайд этилган қурилмалардан суд биноси ичкарисида фойдаланиш суд жараёнини ўтказиш тартибини бузмаслиги керак.”.
25-банднинг (Қуйидаги шахслар суд биносига назорат ўтказиш пункти орқали хизмат гувоҳномасини очиқ ҳолда кўрсатган ҳолда кириш ҳуқуқига эга) учинчи хатбошисидаги “девонининг” деган сўз “Администрациясининг” деган сўз билан алмаштирилади.
















