Ўзбекистон Республикаси президенти “Давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг статистика салоҳиятини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг машинада ўқиладиган форматдаги ахборотдан кўп карра, эркин ва бепул фойдаланиш имконини берувчи Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар портали фаолият юритмоқда.

Белгиланишича:

а) Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси давлат органлари ва ташкилотларининг очиқ маълумотлар тўпламлари рўйхатини шакллантириш, юритиш ва янгилаш ҳамда тегишли ахборотларнинг Порталда ўз вақтида акс эттирилиши бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради;

б) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Портални техник қўллаб-қувватлаш ва таъминлаш ҳамда узлуксиз ишлаб туриши учун жавобгар ҳисобланади;

в) Порталдаги ахборотлар:

фақат давлат органлари ва ташкилотларининг республика даражасидаги юқори турувчи тузилмалари, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан эълон қилинади;

ўзбек, рус ва инглиз тилларида, шу жумладан машинада ўқиладиган ва бошқа форматларда эълон қилинади;

давлат органлари ва ташкилотларининг расмий сайтларида эълон қилинадиган ахборот билан айнан бир хил ва ўзаро боғланган бўлиши лозим;

г) давлат органлари ва ташкилотларида ахборотни тайёрлаш ва Порталда жойлаштириш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ–5635-сон Фармонига мувофиқ ташкил қилинган, халқаро рейтинглар билан ишлаш ва “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш учун масъул бўлган ихтисослаштирилган бўлинмалар зиммасига юкланади.

Давлат статистика қўмитаси марказий аппарати тузилмасида бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида давлат органлари ва ташкилотларининг Порталда Рўйхатни шакллантириш, юритиш ва янгилаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш билан боғлиқ ишлар учун масъул бўлинма ташкил этилади. 

Давлат статистика қўмитаси бир ой муддатда бўлинманинг юқори малакали кадрлар билан тўлдирилишини таъминлайди.