Тошкент шаҳри Сергели туманида қурилган кўп қаватли турар жой эгалари ипотека тўловидан норози бўлишмоқда. Кредит тўлови миқдори ошиб кетганидан шикоят қилаётган янги уй-жойлар соҳиблари «Ўзшаҳарқурилишинвест» МЧЖ ИК билан асосий шартномани имзолашдан бош тортмоқда.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
Шу билан бирга, хонадонларда яшаб келаётганлар асосий шартнома узоқ муддатга тузилмагани, эндиликда айнан оширилган нархлар билан уни имзолаш таклиф этилаётганини айтишмоқда.
10 апрель куни ваколатли ташкилотлар мутахассис ва раҳбарлари ҳамда уй-жой эгалари учрашуви бўлиб ўтди. Унда Сергели туманида қурилган ва 2018 йилдан буён фойдаланишда бўлган хонадонлар тақдири муҳокама қилинди. Хусусан, аҳоли уй-жойни сотиб олиш бўйича асосий шартнома нега оширилган нархда тақдим этилаётгани сўралди.

«Биз бошланғич бадални амалга оширганимизда уй-жойнинг 1 кв.м учун 2.880.000 сўм тўлов мавжудлиги айтилганди. Энди уй нархи квадратига тахминан 1 миллион 100 минг сўмга ошган. Аввал 160 миллион сўмга тушаётган бўлса, ҳозирда бу уйнинг нархи 240 миллионга етган. Ҳозир фоизи билан ҳисобласа, нарх 700-800 миллионларга айланиб кетади-ку?», — дейди шикоятчилардан бири.

«Ўзшаҳарқурилишинвест» МЧЖ ИК маълумотига кўра, президент қарори билан Тошкент шаҳрида 5940та хонадонга мўлжалланган 150та кўп квартирали уйлар қуриш белгиланганди. Шундан 229,5 миллиард сўм пул маблағлари фуқароларнинг бошланғич бадал пуллари эвазига шакллантирилиши назарда тутилган.
Таъкидланишича, «ТошуйжойЛИТИ» АЖ лойиҳа ташкилотининг дастлабки лойиҳа ҳужжатларига асосан квартиранинг майдонига нисбатан бир квадрат метрнинг тахминий баҳоси 2.841.170 сўм этиб белгиланган.

















