Юраги миллат дарди билан ёнган, халқи учун бутун ҳаётини, борлиғини бағишлаган Шароф Рашидов ёдгорлик уй-музейида кўнглимиздан кечганлари...

Аслида бу ерга тамомила бошқа ният билан келган эдим. Уй музейининг очилиши-ю ундаги диққатга сазовор ёдгорликлар ҳақида икки энлик хабар ёзиш эди мақсадим... Бироқ буюк сиймо Шароф Рашидов болалиги ўтган ҳовлига қадам қўярканман, қалбимда тушунарсиз, аммо ёқимли ҳис-туйғулар жўш ура бошлади. Ўзгача файзи бор эди бу уйнинг. Фариштали бир уй эди бу уй. Бу қадар ҳаяжон, бу қадар энтикишга нима сабаб бўлганини қораламамиз сўнгида англарсиз, азиз ўқувчи...

 Эски уйимда отамнинг ҳиди бор эди, онамнинг меҳри бор эди 

“Шароф Рашидов ота-онаси яшаган ва ўзининг болалиги ўтган бу уйни жуда яхши кўрарди. Шу кўчада Шароф аканинг барча қариндошлари, ака-укалари истиқомат қилишарди. У киши ҳар сафар Жиззахга ташрифлари чоғида эски уйларини зиёрат қилардилар, уй ичида ҳеч нимани ўзгартиришга йўл қўймасдилар, хонада оталарининг чопонлари ва оналарининг рўмоллари илиниб турарди. Токчадаги идишлардан тортиб барча буюмлар ҳам улар тириклигида қандай турган бўлса шундайлигича сақланишини қаттиқ талаб қилардилар. Ичкари киришлари билан чуқур хўрсиниб нафас олиб бирпас турар, сўнг нафасларини чиқарардилар. Биз яқинлар шу одатларига сира тушунмасдик. Ботиниб сўрай олмасдик ҳам. Бир куни журъат қилиб у кишининг аёллари Хурсаной аядан сўрадик. Шунда улар “ Шароф ака шундай чуқур нафас олсам ота-онамнинг ҳидини туяман, уларнинг меҳрини ҳис қиламан дейдилар” дея жавоб қилдилар. Рости, бундан жуда таъсирландим. Ҳалигача бу ҳақда эсласам кўзимга ёш келади. Вафотларидан икки йил аввал вилоятимиз катталари Шароф акадан сўроқсиз ота уйни бузиб сиз кўриб турган мана шу кўринишга олиб келишди. Бу ерда жуда катта қурилиш бўлди. Баланд ва чиройли уй қад кўтарди. Шароф отанинг келишларини билиб, ёш-у қари кўчада, қариндошдан тортиб маҳалла аҳлигача шу атрофда. Хизмат машиналарида етиб келган Шароф ака машинадан тушдилар-у, атрофга бир қараб “ мен бошқа жойга келиб қолдим, шекилли” дедилар. Гап нимадалигини дарров тушундилар-у ёнларидаги ўша пайтдаги обкомнинг биринчи котибига юзланиб “шу ишни бекор қилибсиз, бу ерга кетган маблағга яхши бир болалар боғчаси қурсангиз сиздан миннатдор бўлардим” дея уйга ҳам кирмай ортларига қайтиб кетдилар. У кишининг хафа бўлганини билдик. Рафиқалари Хурсаной опанинг айтишларича, Шароф ака қарийб икки ой жуда қаттиқ сиқилиб “мен энди ота-онамни йўқотдим, уларнинг ҳидини, меҳрини йўқотдим. Эски уйимда уларнинг изи, меҳри, ҳидлари бор эди” деган эканлар. Шу-шу умрлари сўнгигача бу уйга қайтиб келмадилар”, дея хотирлайди Шароф Рашидовнинг жияни Одил Ҳамроқулов.