Ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар такси агрегаторлари ишидан норозилик билдиришда давом этмоқдалар. Йўловчилар олдида ким жавобгар бўлади, ушбу шикоятларга қандай барҳам бериш мумкин? Norma мухбири ушбу саволларга жавоб излади.
Янги иштирокчи учун ҳуқуқий майдон
Ташувчиларга мижозлар излаш бўйича интерактив хизматлар кўрсатувчи такси агрегаторлари қонун ҳужжатларида тилга олинмаганига қарамай, улар такси бозорини ривожлантиришга катта ҳисса қўшишга улгурдилар. Улар ўртасидаги рақобат туфайли ушбу соҳага инновацион технологияларни жорий этиш ва модернизация қилиш жараёни бошланди. Яқин орада йўловчиларни энг қулай усулда ташишни ривожлантиришда уларнинг роли кучайиб борадиган кўринади.
Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида йўналишсиз такси фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳаси қабул қилинган тақдирда мамлакатимиз қонунчилигида агрегаторлар фаолиятини ташкил этишга доир талаблар белгиланган дастлабки ҳужжат пайдо бўлади. Ўзбекистон ҳудудида бундай сервислар билан мамлакатимизда рўйхатдан ўтказилган юридик шахсларгина ишлай оладилар. Агрегаторлар фақат қонун доирасида ишлайдиган ташувчилар билан ишлаш ҳуқуқига эга бўладилар. Буларнинг бари такси бозорини янада тартибга солади, йўлларда хавфсизлик таъминланишини кучайтиради.
Бироқ ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши агрегаторлар фаолият юритиши учун ҳуқуқий майдон яратиш йўлида қўйилган дастлабки қадам бўлиши ҳозирданоқ кўриниб турибди. Тез орада улар фаолиятига доир бошқа жиҳатларни тартибга солувчи янги ҳужжатларга зарурат туғилади.
Жавобгарларни қандай топиш мумкин
Ўзбекистон бозорида ишловчи агрегаторлар йўловчи ва такси бир-бирини топадиган оддий майдонча эмас. Ушбу дастурлар йўлдаги масофани ва сафар қийматини ҳисоблаб беради. Яъни истеъмолчи ва такси ўртасидаги муносабатларда эълонлар тахтасидан кўра муҳимроқ роль ўйнайди. Агрегаторлар йўловчиларга ҳам, таксичиларга ҳам комплекс хизматлар кўрсатади. Бир ишга қўл урдингизми, уни виждонан ва маромига етказиб бажаришингиз керак. Агрегаторларнинг хизматлари бепул эмас, таксичилар ҳар бир мижоз учун воситачилик ҳақи тўлайдилар. Бинобарин, агрегаторлар кўрсатилаётган хизматлар сифати учун муайян даражада жавобгарликни зиммаларига олишлари лозим. Агрегатор лицензияга эга шахслар билангина ишлашга ҳақли эканлигини белгиловчи битта қоиданинг ўзи камлик қилади.
Ҳафсаласи пир бўлган фойдаланувчилар ижтимоий тармоқларда жойлаштирадиган ахборотни таҳлил қилиш асосида аниқланган бир нечта муаммони кўриб чиқамиз.
















