Лойиҳада қайд этилишича, амалдаги қонунчиликда давлат органлари ёки бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахслари ва ходимлари томонидан ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақида хабар бермаслик учун алоҳида маъмурий жавобгарлик белгиланмаган.

Лойиҳа муаллифларининг фикрича, бу айрим ҳолларда ҳуқуқбузарликларнинг яширилиши ёки улар бўйича зарур чоралар ўз вақтида кўрилмаслигига олиб келмоқда.

Шу муносабат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни янги 188⁵-модда — «Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисида хабар бериш ҳақидаги қонунчилик ҳужжатларини бузиш» моддаси билан тўлдириш таклиф этилган.

Унга кўра, ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бериш мажбурияти юклатилган давлат органи ёки бошқа ташкилотнинг ходими ёхуд мансабдор шахси белгиланган тартибда ички ишлар органлари ва «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига хабар бермаса, маъмурий жарима қўлланиши мумкин.

Хусусан:

— фуқаролар ва хизматчиларга — 3 БҲМдан 5 БҲМгача;

— мансабдор шахсларга — 5 БҲМдан 10 БҲМгача жарима солиш таклиф этилмоқда.

Агар худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такроран содир этилса, жазо оғирлашади.

Бунда фуқаролар ва хизматчилар учун жарима 5 БҲМдан 10 БҲМгача, мансабдор шахслар учун эса 10 БҲМдан 15 БҲМгача этиб белгиланиши назарда тутилган.

Лойиҳада мазкур ўзгартишлар ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг олдини олиш самарадорлигини ошириш, давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг масъулиятини кучайтиришга қаратилгани таъкидланган.

Шунингдек, янги тартиб фуқаролар, айниқса, хотин-қизлар ва вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Қонун қабул қилинса, у расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.