Яқинда Тошкентда такси ҳайдовчиси ва йўловчи ўртасидаги можаро жиддий тус олиб, ҳайдовчининг калтакланиши ва унга куч ишлатган шахснинг қамоққа олиниши билан якунланди. Бу ҳолат такси ҳайдовчиларининг иш жараёнидаги хавфсизлиги ва йўловчилар билан муносабат масаласини яна бир бор кун тартибига чиқарди. Kun.uz пойтахтдаги такси ҳайдовчиларидан улар дуч келаётган муаммолар ҳақида сўради.
Такси ҳайдовчиси ва йўловчи ўртасидаги келишмовчиликлар ҳар доим ҳам йўл ҳақи ёки манзил билан боғлиқ бўлмайди. Ҳайдовчиларнинг айтишича, машинада белгиланганидан ортиқ йўловчи олиб кетиш, болаларнинг назоратсиз қолиши, салонда овқатланиш ва чекиш, шунингдек, маст йўловчилар билан боғлиқ ҳолатлар улар учун энг кўп учрайдиган муаммолардан.
- “Масалан, кеча олти киши чиқишди машинага “мен ўзим жавоб бераман” дейди. Жарима борлигини айтсам тушунишмаяпти, мен жарима тўлашим ҳам уларга қизиқмас”.
- “Йўловчида муомала бўлса, ҳайдовчидаям муомала бўлади. Машинани тоза тутиш керак, нарса еб-ичиб чиқиндини ташлаб кетишади”.
- “Аёл киши болалари билан чиқади. Бола тўполон қилади тушунарли. Лекин улар телефон билан банд бўлиб ўтиришади. Бола шўх, қараш керак. Эшикни очиб юборадиган бўлса, болага нимадир бўлса ҳайдовчи айбдор бўлади. Бизда масъулият оғир. Биз болага қарайликми ёки йўлга қарайликми? Ўша пайтда болага қараш кераклигини айтсангиз уларга ёқмайди, жаҳли чиқади”.
- “Баъзилар ўзидан жуда “осмон” ясаб олган бўлади. Шундан муаммо чиқади ҳамиша”.
- “Мен А нуқтадан Б нуқтага мижозни эҳтиёт қилиб олиб бориб қўйяпман. Бўлди, менинг вазифам шу. Унга ортиқча нимадир қилиб бериш мажбуриятига эга эмасман. “Пулингни тўлаб қўйяпман” деб жанжал кўтарадиганлар жуда кўп бўлади. Шу нарса таксистларда кўп учрайдиган ҳолат”.
- “Кўпчилик таксида юриш маданиятини билмайди, ўзимизда ҳали бу маданият ривожланмаган. Машинада овқат еб кетадиганлар бор. Бу жуда хунук ҳолат, баъзилар чиқади шашлик ейди, сигарет чекади. Бу ундан кейин чиқадиган мижоз учун ёқимсиз ҳолат”.
- “Манзилни айтишади нархини талашиб-тортишиб, кейин масофадан алдайди. Бунақа ноҳақликлар жуда кўп, шунинг учун 80 фоиз шофёрларнинг асаби таранг. Маст одамлар чиқади – пул бериб ҳам тушира олмайсиз”.








