Халқимизда “ўт балосидан асрасин” деб дуо қилиниши бежизга эмас. Ёнғинлар ҳамиша кутилмаганда бўлган ва улкан талофатлар келтирган. Париждаги бутун дунёга машҳур Нотр-Дам-де-Пари – Муқаддас она черковида юз берган ёнғин сабаб тарихда юз берган ва осори-атиқаларга қаттиқ зиён етказган ёки култепага айлантирган улкан ёнғинларни ёдга оламиз.

Буюк Рим ёнғини

Бу қадимий ва муаззам шаҳар 64 йилда узлуксиз 5 кун ёнди. Ёнғин атайлаб уюштирилгани тахмин қилинди ва император Нерон шаҳарда улкан қаср қуриш ниятида эканлиги ёки христианлар фитнаси деб қаралди. Улкан ёнғин натижасида Римнинг 14 туманидан 10таси бутунлай ёниб кетди. Император Нерон чиндан ҳам очилган майдон ўрнига серҳашам қаср қурди, аммо ундан кўп фойдалана олмади, ҳокимиятдан четлатилди.

Артемида ёнғини – Герострат қилмиши

Тарихдаги барча ёнғинлар ҳам бахтсиз ҳодиса ёки душманлар ҳужуми туфайли юз бермаган. Милоддан аввалги 356 йилда Эфес шаҳрида яшаб ўтган Герострат исмли шахс тарихда ўз номини муҳрлаб қўйиш учун чора излайди ва энг осон ҳамда қабиҳ йўлни танлайди – муқаддас Артемида ибодатхонасини ёқиб юборади. Уни тутганларида “мен қилдим, буни мен қилдим” дея ҳайқиради. Судда у ўз айбини яна бир бор тан олиб, буни тарихга кириш ва авлодлар эслаб юриши учун қилганини айтади. Суд Геростратни ўзига хос жазо – унутилишга ҳукм қилади. Аммо айбдор жазоларга қарамай мақсадига эришади, тарихга муҳр этилади. Ҳозирга қадар ҳам бемаъни қилмишлар Герострат қилиғига менгзалади.

Лондон, 1212 ва 1666 йиллар

Англия дунё бўйлаб чексиз ҳудудларни эгаллаганига қарамай ўз пойтахтида ер ҳамиша танқис бўлган ва бинолар жуда зич қурилган. 1212 йилдаги ёнғин ҳақида кўп маълумотлар сақланмаган, лекин шуниси аниқки шаҳарнинг тўртдан уч қисми ёниб кетган ва 3 мингдан ортиқ инсон нобуд бўлган.

Аммо 1666 йилдаги ёнғин ҳақидаги маълумотлар муфассал ёзиб қолдирилган. Бу ёнғин аввалгисига нисбатан анча кучли кечган ва 13 200 дан ортиқ уй ва бинолар ёниб битган. 4 кун давом этган ёнғин таъсирида шаҳарнинг асосий қисми кулга айланган, аммо энг қизиғи бор-йўғи 6 киши ўлгани қайд этилган. Ёнғиннинг фойдали жиҳатлари ҳам бўлгани айтилади. Гап шундаки Лондон ўша пайт ўлат каби оғир юқумли касалликлар, зараркунандалар, хусусан каламушларга тўла шаҳар эди. Ёнғин таъсирида барча зарарли омиллар бартараф бўлди ва камбағаллар яшовчи харобазорлар ҳам кулга айланди.