Ўзбекистон | 15:38 / 17.04.2019
9437
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг халқаро инвестициявий рейтинглардаги ўрни қандай?

Бугун, 17 апрель куни, Олий Мажлис Сенати ва қатор вазирликлар, мутасадди ташкилотлар, БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска иштирокида “Doing business” рейтингида Ўзбекистон ўрнини юксалтириш: эришилган натижалар ва устувор йўналишлар” мавзусида кенг қамровли давра суҳбати ўтказилди.

Унда биринчи навбатда хорижий инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлар Ўзбекистонда дуч келаётган инвестициявий муҳит, энг асосий муаммолар ва уларнинг ечими муҳокама этилди. Инвесторларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши бўйича олий суд, электр тизимига уланиши бўйича “Ўзбекэнерго”, кредит олишлари бўйича саволларга Марказий банк вакиллари жавоб бердилар.

Ҳозирги кунда Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” рейтингида Ўзбекистон дунёнинг 190 мамлакати орасида 146 ўриндан 76 ўринга кўтарилган.

Анжуман ишини бошқарган Ўзбекистон Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бу катта ютуқ эканлигини таъкидлаш билан бирга ҳали қилиниши керак бўлган ишлар, ечимини кутаётган муаммолар ҳам кўплигини билдирди.

Анжуман жараёнида дунёнинг энг яхши 100 нафар ёш иқтисодчиси рўйхатига киритилган юртдошимиз, “Шуҳрат медали” соҳиби Рауф Салахўжаев билан мавзу юзасидан суҳбатлашдик:

Рауф Салахўжаев

– Халқаро рейтингларда юқорилаш нимани англатади ва бу реал иқтисодиётга қандай наф келтиради?

– Объектив рейтингларнинг аҳамияти катта, сабаби бутун дунё ишбилармонлари ҳар бир давлатнинг инвестицион муҳитига алоҳида эътибор қаратишади. Рейтинглар эса ўша муҳитнинг кўзгуси, демак уларни яхшилашни ҳар бир давлат хоҳлайди.

– Маълумки жуда кўплаб халқаро рейтинглар бор, бугунги анжуман мавзусига айланган индекснинг улардан фарқи – ўзига хос жиҳати нимада?

– Чиндан ҳам дунёда кўплаб молиявий, иқтисодий рейтинглар мавжуд ва уларнинг ҳар бирининг ўз ўрни бор. “Doing business” рейтингининг ўзига хос жиҳати шундаки у айнан ишбилармонларга мўлжалланган ва инвестицион муҳитга қизиққан тор доирага хизмат қилади.

Мавзуга оид