Таҳлил Numbeo платформасининг 2026 йил август ойидаги ҳаёт сифати индекси маълумотларига асосланган. Инфографикадаги 100 та шаҳар Numbeo маълумотлар базасига киритилган жами 306 та шаҳар орасидаги ўрнига қараб жойлаштирилган.
Муаллифлар ҳаёт сифати ва яшаш харажатларини алоҳида баҳолашга ҳаракат қилган. Шу сабабли ҳаёт сифати ҳисоб-китобидан нархлар билан бевосита боғлиқ кўрсаткичлар чиқариб ташланган. Бу яшашнинг арзон ёки қимматлиги натижага икки марта таъсир кўрсатишининг олдини олади.
Ҳаёт сифати баҳоланганда хавфсизлик даражаси, тиббий хизматлардан фойдаланиш имконияти, транспорт ва тирбандлик билан боғлиқ вазият, ҳавонинг ифлосланиши ҳамда иқлим каби омиллар ҳисобга олинган.

Таҳлил натижаларига кўра, ҳаёт сифати юқори ва яшаш харажатлари нисбатан мақбул бўлган энг жозибадор гуруҳга 18 та шаҳар кирган. Улар орасида Европа шаҳарлари салмоқли ўрин эгаллаган.
Хусусан, Вена, Порту, Сплит, Валенсия, Прага, Лиссабон, Братислава, Рига ва Варна ҳаёт сифати ҳамда харажатлар ўртасидаги нисбат энг мақбул бўлган шаҳарлар қаторида қайд этилган.
Бу натижа Европа мамлакатларининг бошқа халқаро ҳаёт сифати рейтингларида ҳам мунтазам юқори ўринларни эгаллаши билан уйғун.
Таҳлилда таъкидланишича, ҳаёт сифати фақат аҳоли даромадлари билан белгиланмайди. Нисбатан ҳамёнбоп тиббий хизмат, ривожланган жамоат транспорти, ихчам шаҳар инфратузилмаси ва хавфсизликнинг юқори даражаси кундалик ҳаёт қулайлигини сезиларли ошириши мумкин.
Бунда аҳолининг харажатлари АҚШнинг айрим йирик шаҳарларидаги каби юқори бўлиши шарт эмас. Айрим ҳолларда Европа шаҳарларида яшаш АҚШга қараганда арзонроққа тушиши мумкин. Айниқса, тиббий хизматлар ва кундалик эҳтиёжлар учун сарф-харажатлар ҳисобга олинганда бу фарқ яққолроқ кўринади.
Бироқ муаллифлар бу устунлик Европанинг барча шаҳарларига бирдек тааллуқли эмаслигини ҳам қайд этган. Яшаш харажатлари мамлакат ва шаҳарга қараб кескин фарқ қилиши мумкин.
Рейтингнинг кучли юзталигига Россиянинг бешта шаҳри ҳам киритилган. Булар — Москва, Санкт-Петербург, Нижний Новгород, Калининград ва Екатеринбург.
Шу билан бирга, тадқиқот натижаларини мутлақ кўрсаткич сифатида қабул қилмаслик тавсия этилган. Чунки Numbeo индекси асосан фойдаланувчилар томонидан тақдим этиладиган маълумотларга таянади.















