Инновацион ривожланиш агентлиги хабарига кўра, 29 сентябр куни эълон қилинган рейтингда Ўзбекистон даромади ўртачадан паст бўлган 36 мамлакат орасида саккизинчи, Марказий ва Жанубий Осиёдаги 11 мамлакат орасида эса тўртинчи ўринни қайд этган.

Мамлакат инновацияларга йўналтириладиган сармоя ва ресурслар субиндексида бир поғона кўтарилиб, 68-ўринни эгаллаган. Инновациялар натижадорлиги субиндексида эса 14 поғона юқорилаб, 78-ўринга чиққан.

Айрим индикаторлар бўйича Ўзбекистон энг юқори натижаларни қайд этган давлатлар қаторидан жой олган. Жумладан:

илм-фан ва муҳандислик соҳасидаги битирувчилар бўйича — 2-ўрин;

тадбиркорлик сиёсати ва маданияти бўйича — 3-ўрин;

стартаплар ва фаолиятини кенгайтираётган компанияларни молиялаштириш бўйича — 4-ўрин;

меҳнат унумдорлиги ўсиши бўйича — 7-ўрин.

Глобал инновация индекси Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти — WIPO томонидан Портуланс институти ва бошқа ҳамкорлар иштирокида ҳар йили тайёрланади. У мамлакатларнинг инновацион ривожланишини иккита субиндекс ва еттита йўналишга бирлаштирилган қарийб 80 та индикатор асосида баҳолайди.

Агентлик маълумотига кўра, Ўзбекистон 2015 йилда мазкур рейтингда 141 мамлакат орасида 122-ўринни, 2025 йилда эса 139 мамлакат орасида 79-ўринни эгаллаган.

Президентнинг 2026 йил 16 февралдаги ПФ–21-сон фармонида Ўзбекистонни 2030 йилгача Глобал инновация индексида етакчи 60 мамлакат қаторига киритиш вазифаси белгиланган. 2026 йил учун мақсадли кўрсаткич 77-ўрин этиб белгиланган бўлиб, эълон қилинган натижа ушбу мақсадга мос келди.