Наманганда Президент мактаби қурилиши бошланди
17 апрель куни Наманган шаҳридаги энг гавжум кўчалардан бири – Ислом Каримов шоҳкўчасида Президент мактаби қурилишига илк тамал тоши қўйиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозаров, Наманган шаҳри ҳокими Шавкат Абдураззоқов, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ваҳобжон Ражабов ва бошқалар иштирок этишди.
- Мактаб 2,5 гектар майдонда жойлашади, бу ерда ўқиш ва спорт билан шуғулланиш учун барча шароитлар яратилади, - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси қурилиш бўлими бошлиғи Ғолибжон Асрақулов.
Унинг айтишича, иккита ўқув корпуси, бассейн ва гимнастика зали, ётоқхона ва меҳмонхона, футбол майдони, волейбол-баскетбол майдончаси, плац, рекреацион зона, гулзор ва ўқув-тажриба участкаси, паркинг бунёд этилади.
Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Соҳибжон Эргашевнинг сўзларига кўра, ушбу мактабга қабул қилиш республика таълим муассасаларининг 4-синф битирувчилари орасида Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ўтказиладиган мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбатлар натижаларига кўра амалга оширилади.
Мактаб келгуси йилнинг августида иш бошлаши режалаштирилган. Биринчи ўқув йилида 5-10-синфлар учун 144 нафар ўқувчи ўқишга қабул қилинади, мактабнинг йиллик қабул квотаси 24 нафар ўқувчидан иборат бўлиб, битта синфга 12 нафардан ўқувчи тақсимланади.
Ўқув жараёни хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича инглиз тилида амалга оширилади ва «STEAM - таълим» (Science - табиий фанлар, Technology - технология, Engineering - техник ижодкорлик, Art - санъат, Mathematics - математика) дастури асосида олиб борилади.
Президент мактабининг 9-11-синфларида таълим олиш ўқувчиларнинг қизиқишлари ва хусусиятларини, айрим фанни танлаш ва уларни ўрганиш даражасини инобатга олган ҳолда индивидуал ўқув жараёни асосида амалга оширилади.
Мактаб битирувчиларига белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels)га эга бўладилар, бу эса ўз навбатида, хорижий олий ўқув юртларига кириш имконини беради.
Мавзуга оид
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
21:11 / 11.11.2024
Наманганда поезд билан тўқнашган Damas ҳайдовчиси ҳалок бўлди
17:35 / 11.11.2024
Наманганда тўёна кўринишида пора олган кадастр бўлими бошлиғи 5 йилга қамалди
09:30 / 07.11.2024