«Сирғали деҳқон бозори» АЖ бозор ҳудудидан ташқарида жойлашган тадбиркордан инфратузилма учун қарийб 42 миллион сўмдан ортиқ тўлов талаб қилинмоқда. Бу ҳақда Dragen LTD МЧЖ раҳбари Kun.uzʼга маълум қилган.

Таъкидланишича, бозор маъмурияти билан низолар 2017 йил келиб чиққан бўлиб, «Сирғали деҳқон бозори» АЖ мутасаддилари Dragen LTDʼни «инфратузилмадан фойдаланганлиги учун тўловни ўз вақтида тўламай келишда» айблаган.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Тадбиркор эса буни инкор этиб, барча коммунал тўловлар учун мустақил шартнома тузгани ва мутасадди ташкилотларга тегишли ҳақни тўлаб келаётганини иддао қилади. У бозорнинг электр, сув ва газидан фойдаланмайди. Ҳатто ўз маблағлари ҳисобидан йўлакка брусчатка ётқизган. Шунга қарамай, судьялар унинг ҳақ-ҳуқуқларини тан олмаётир.

Гап шундаки, 2010 йил «Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор эълон қилинганди. Қарорнинг 4-бандида «бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатилган хизматлар қиймати миқдорларини тасдиқлаш» белгиланган. Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида, 2010 йили тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини ташкил этиш ва назорат қилиш тартиби тўғрисида Низом тасдиқланган.

Бозор ҳудудида умумий фойдаланиладиган объектларни сақлаш бўйича кўрсатиладиган мажбурий хизматлар учун алоҳида ставкалар жорий қилинган. 

Бироқ, Низом билан тасдиқланган қоидага кўра, «бозорлар, савдо комплекслари ва уларнинг филиалларининг маъмурияти тасарруфида бўлган бинолар, иншоотлар ҳамда бошқа мол-мулкдан ва уларнинг хизматларидан белгиланган тартибда фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахслар ижара тўловлари ва кўрсатилган хизматлар учун тўловлар тўловчилари ҳисобланади». Соддароқ айтганда, бозор балансида бўлган бинони ижарага олиб ишлатаётган ёхуд ўз биносига эга, аммо бозор кўрсатаётган хизматлардан фойдаланаётган тадбиркор тўловни амалга ошириши керак.