Ўзбекистон | 16:52 / 19.04.2019
6752
3 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея делегацияси қишлоқ хўжалиги машинасозлиги конструкторлик-технологик маркази фаолияти билан танишди

Фото: Ўзагротехсаноатхолдинг

Бугун, 19 апрель куни Корея савдо-саноат ва энергетика вазири ўринбосари Ким Йонг Ре бошчилигидаги делегация “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамиятига ташриф буюрди. Бу ҳақда “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Ташриф доирасида томонлар икки мамлакат ўртасидаги алоқалар, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасида ҳамкорликда амалга оширилган ишлар ва яқин истиқболдаги вазифалар хусусида фикр алмашишди.

Шунингдек, Корея Республикасининг Jeonbuk Technopark корхонаси ва "Ўзагротехсаноатхолдинг" АЖ ўртасида саноат инновацияларини, илмий-тадқиқот ишларни такомиллаштириш бўйича, Корея Саноат технологияси институти ва "Ўзагротехсаноатхолдинг" АЖ ўртасида эса саноат технологиялари ва инновацион имкониятларни кенгайтириш мақсадида ўзаро англашув Меморандумлари имзоланди.

Ташриф доирасида делегация аъзолари Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлигининг маҳсули – “Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги конструкторлик-технологик маркази”нинг расмий очилиш маросимида ҳам қатнашишди.

– Ушбу марказ Ўзбекистон президентининг “Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасида илмий-техник базани ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилди, – дейди “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ бошқаруви раиси Мухтор Каримов. 

Айни дамда ушбу марказда қишлоқ хўжалиги учун муҳим ҳисобланган техникаларни ишлаб чиқаришда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, тажриба-конструкторлик ишларини юритиш, технологик лойиҳалаштириш каби юмушлар бажарилмоқда. Бундан ташқари, бу ерда илғор технологияларни амалиётга татбиқ этиш, қишлоқ хўжалиги машинасозлигида янги машина тизимларини яратиш ва синовдан ўтказиш каби ишлар ҳам амалга оширилмоқда. 

Ўтган қисқа вақт мобайнида ушбу марказда кореялик мутахассислар билан ҳамкорликда бир қатор илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ҳамда технологик лойиҳалаштириш ишлари бажарилди. Биргина мисол, 110 от кучига эга замонавий, “ZAMIN” русумли трактор яратилиб, турли кўргазмаларда иштирок этди. Бундан ташқари, ёш мутахассислар томонидан барча қулайликларга эга трактор тиркамаси яратилиб, ишлаб чиқаришга жорий этилди. Марказ мутахассисларининг олиб борган илмий-тадқиқот ишлари ва саъй-ҳаракатлари натижасида 20 дан зиёд миллий кашфиётлар қилинди.

Кореялик меҳмонларга ушбу марказ фаолияти, бу ерда амалга оширилаётган янги лойиҳалар, яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Қолаверса, уларга истиқболдаги лойиҳалар, ҳамкорликда олиб борилаётган илмий-техник изланишлар самараси акс эттирилган қишлоқ хўжалиги техникалари ҳам намойиш этилди.

Мавзуга оид