Шавкат Мирзиёев 16 сентябр куни Сеул шаҳрида биринчи «Марказий Осиё – Корея Республикаси» саммитида иштирок этди.

Жанубий Корея президенти Ли Же Мёнг раислигида ўтказилган тадбирда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам иштирок этди.

Кун тартибига мувофиқ, Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси ўртасида хавфсизлик, бир-бирини тўлдириб турадиган амалий ҳамкорлик, гуманитар алмашинувлар каби устувор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

photo_2026-09-16_12-34-22

Ўзбекистон президенти ўз нутқида Жанубий Корея стратегик жиҳатдан узоқни кўзлаб иш тута олишини намойиш этган ҳолда, Марказий Осиё тимсолида яқин ва ўзаро манфаатли шериклик учун улкан салоҳиятни 2007 йилдаёқ биринчилардан бўлиб кўрганини таъкидлади.

«Биз Корея томонининг мамлакатларимизни саноатлаштириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва барқарор ривожланиш учун мустаҳкам пойдевор яратишга қўшаётган салмоқли ҳиссасини самимий қадрлаймиз», – деди Шавкат Мирзиёев.

Ушбу мустаҳкам алоқаларнинг илдизлари узоқ асрларга бориб тақалади – улар Буюк ипак йўлидаги карвон йўлларидан бошланган. Мустаҳкам дўстлик замирида ҳаётий қадриятларимизнинг муштараклиги – кекса авлодга чуқур ҳурмат, ҳалол меҳнатни қадрлаш, она заминга меҳр ва садоқат каби асосий ҳаётий қадриятлар мужассам.

«Кўпмиллатли Марказий Осиё оиласининг ажралмас қисмига айланган корейс диаспораси халқларимизнинг бирдамлиги ва ўзаро ҳурмат-эҳтиромининг ёрқин рамзидир», – дея таъкидлади Ўзбекистон президенти.

photo_2026-09-16_12-34-20

Бугунги кундаги асосий вазифа – нафақат ҳамкорлик бўйича эришилган суръатни сақлаб қолиш, балки бу муваффақиятларни ривожланишга янада жадал тус бериш учун пойдеворга айлантиришдан иборат экани таъкидланди.

Марказий Осиё ва Жанубий Кореянинг салоҳиятларини қўшилиши ўзаро манфаатли ҳамкорликни ўрнатиш борасида янги йўлларни очади.

Шу муносабат билан Ўзбекистон президенти ҳамкорликнинг бешта стратегик йўналиши бўйича таклифларни илгари сурди.