«Мен Ўзбекистонга келаётганимда 1400 йил олдинги бир кунни ёдга олдим. У қадимий корейс давлати элчилари Самарқандга келган кундир. Отга ёки туяга миниб дам олмасдан машаққат чекиб келишларига икки ойча вақт кетгандир? Баланд тоғ тизмалари, адирлар ва чўллардан ўтиб, қор ва ёмғирда қолиб, баъзида жазирама ва совуқ билан курашиб узоқ вақт сарфлаган бўлсалар керак. Бугун сиз азизлар каби 1400 йил олдин Ўзбекистоннинг қадимий аҳли ҳам узоқдан келган меҳмонларни илиқ кутиб олган. Мустаҳкам дўстлик ва ишонч Афросиёбнинг ғарбий деворидаги суратда ўз аксини топган. Гарчи, Корея ва Ўзбекистон бир-биридан узоқда бўлса ҳам қадимий корейс давлати давридан бошлаб элчилари келиб кетадиган дўст давлатлар бўлган».
Самарқандда меҳмон бўлар экан Жанубий Корея Президенти Мун Жэ Ин мана шу сўзларни изҳор этди. Узоқ йиллар Жанубий Корея ҳудудидаги қадимий давлатлар ва юртимиз ўртасидаги маданий алоқалар ҳақдаги аниқ маълумотлар камёб эди. Ўтган асрнинг ўрталарида топилган қадимий сурат эса таъбир жоиз бўлса, тарих илмини остин-устун қилиб юборди. Аслида ҳаммаси мана бундай бошланган эди:
Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмида 6-7 асрларда гуллаб-яшнаган Афросиёб шаҳри қолдиқлари ётибди. Ушбу йирик археологик ёдгорлик Самарқанд шаҳри тарихидан дарак берувчи муҳим ёдгорликлардан бири. Қадим шаҳарнинг майдони 219 гектарни ташкил қилади. Археологлар бир-бирини босиб турган 11та маданий қатлам борлигини аниқлаган. Шаҳарнинг замонавий рельефида қудратли қалъанинг харобалари, кўҳна мудофаа деворлари, қачонлардир шаҳарга сув келадиган каналнинг вайроналарини осон ажрата олиш мумкин.

Афросиёб бошига тушган аянчли воқеаларнинг бири шуки, 1965 йил Самарқанд шаҳридаги қурилиши режалаштирилган янги кўча айнан ана шу қадимий шаҳар харобалари устидан ўтиши белгиланди. Ўша вақтда Самарқандда, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган зиёлилар қанчалик қаршилик қилишмасин, йўл қурилиши бошланади.

Йўл ўтадиган ҳудуд текисланаётган вақтда эса бутун инсоният учун нодир топилма, бир қатор давлатлар, умуман дунё тарихи ҳақида маълумот берувчи деворий суратлар топилади. Энг ёмони, бульдозер деворий суратни қоқ ўртасидан икки бўлиб ўтган эди. Бу бугунги кунда мавжуд ер юзидаги тарихий деворий суратларнинг энг йирикларидан бири эди.






















