Янги ислоҳотлар даври давлат хизматчиси номини ўз зиммасига олган кишининг масъулиятини янада оширди. Шу билан бирга унинг мақомини кўтариш бўйича ишлар қилинмоқда. Жумладан, Жаҳон Банки ва Молия вазирлиги давлат хизматчиларига юқори маош тўлаш бўйича келишувга эришиш арафасида. 

Жорий йилги давлат дастурида ҳам давлат хизматини тизимли ташкил этиш бўйича вазифалар белгиланди. Тез орада «Давлат хизмати тўғрисида» ги Қонун ҳам қабул қилиниши кутилмоқда. 

Ишлар маълум тизимга келтирилса, айниқса қонуний тартибга солинса, давлат хизматидагиларга анча енгил бўлади. Топшириқлар кўпайиб, ишлар кўлами ортганини ҳеч ким инкор этолмайди. Мурожаатлар, вилоятлар бўйлаб сафар, ҳисобот, тонгга қадар чўзилувчи мажлислар ва яна биз билмаган вазифаларни бажариш учун неча кун сарфлашар экан? Юқоридаги рўйхатда битта давлат хизматчисининг кундалик топшириқлари акс этган. Бунинг имкони борми? Албатта, деярли барча давлат ташкилотларида шу тахлит иш олиб борилади. 

Мулоҳазага ойдинлик киритиш мақсадида бир нечта давлат ташкилотларига мурожаат қилдик. Сўровнома давлат хизматчисининг меҳнат таътили, иш берувчи томонидан руҳий қўллаб-қувватланиши, мажлислар давомийлиги, бюрократия даражаси бўйича ўтказилди.

Бош прокуратура, Давлат солиқ қўмитаси ва Мажбурий ижро бюросидан ходимларнинг йиллик меҳнат таътили ҳақида сўралганда бир хил жавоб олинди, яъни ходимларга муддати 30 календарь кунидан иборат ҳақ тўланадиган йиллик таътил берилади, ўн беш йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ходимларга 5 календарь кун, йигирма беш йилдан ортиқ иш стажига эга бўлганларга эса 10 календарь кун қўшимча таътил берилади. Ҳафталик иш соати 40 соат (бир кунда 8 соат!), шанба-якшанба кунлари дам олиш куни деб белгиланган. 

Бош прокуратуранинг алоҳида хабар беришича эса йиллик таътилдан чақириб олишга хизмат бўйича ўта зарур ҳоллардагина, ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади.

Мажлислар давомийлиги қанча?

Бош прокуратура - Ҳайъат мажлислари, қоида тариқасида, иш режаларига асосан ўтказилади. Ҳайъат мажлисида муҳокама қилиш талаб этилмайдиган масалалар тезкор ёки идоралараро йиғилишларда кўриб чиқилади. Ҳар бир ҳолатда мажлис ва йиғилиш иштирокчилари доираси ҳамда давомийлиги раислик қилувчи томонидан белгиланади.

Ҳайъат мажлислари ярим йилда, қоида тариқасида, 1 маротаба, тезкор ёки идоралараро йиғилишлар бир ойда 1 ёки 2 маротаба ўтказилиши мумкин. Шу билан бирга, вилоят ҳамда туман-шаҳар прокурорлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва бошқа масалалар бўйича жойларда йиғилиш ўтказиши ёки мажлисларга таклиф этилиши мумкин.