Президент Шавкат Мирзиёев давлат фуқаролик хизматчилари ойлик иш ҳақи тизими ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Қайд этилишича, бугунги кунда давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш соҳасини тартибга солувчи ягона ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас. Турли давлат органларида меҳнатга ҳақ тўлаш тартибини белгилайдиган 50 дан ортиқ алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат амал қилмоқда.

Шу муносабат билан давлат фуқаролик хизматчилари учун ягона, очиқ ва натижага асосланган меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини жорий этиш таклиф қилинди. Янги тизим 54 минг нафар давлат хизматчисини қамраб олиши режалаштирилган.

Таклифларга мувофиқ, давлат органлари миллий, республика, ҳудудий ҳамда туман ва шаҳар даражаларига ажратилади. Ходимлар эса бажарадиган вазифаларига қараб маъмурий бошқарув, асосий ва қўллаб-қувватлаш гуруҳларига бўлинади.
Халқаро тажриба асосида 11 та разряд ва 6 та поғонадан иборат янги иш ҳақи сеткасини жорий этиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, ҳозирги вақтда қўлланилаётган ўндан ортиқ турли устама ва мукофотлар ўрнига учта асосий рағбатлантириш тўлови жорий этилади.
Жумладан, ходимларнинг малака даражаси, функционал вазифаларни бажариши, ижро интизоми, меҳнат интизоми ва ташаббускорлиги KPI асосида баҳоланиб, уларга тегишли устамалар тўланади.
Бундан ташқари, муҳим ва мураккаб вазифаларни бажарган, инновацион ёндашувларни жорий этган ҳамда юқори натижага эришган давлат хизматчиларига ҳисобот даври якуни бўйича бонус тўловлари бериш ҳам назарда тутилмоқда.











