2018 йил 19 июнь куни тунда Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳридаги «Урганч марказий деҳқон бозори»нинг 2-ёпиқ павильонида кучли ёнғин содир бўлган эди

Натижада, юзлаб кв.м ҳудудда жойлашган ўнлаб расталар ва дўконлар ёнғиндан зарар кўрган, кўплаб тадбиркорларнинг мол-мулки, маҳсулотлари куйиб кетган, фақат бахтли тасодиф туфайли жисмонан жабрланганлар бўлмаганди.

«Урганч марказий деҳқон бозори» АЖ томонидан тузилган махсус комиссиянинг маълумотномасига кўра, ёнғин натижасида етказилган зарар миқдори 1 миллиард 811 миллион сўмдан ошган.

Урганч шаҳар ИИБ ҳузуридаги 1-сон тергов гуруҳи томонидан ўтказилган суриштирув натижасида, павильон ҳудудидаги тадбиркорлар ёнғин ва хавфсизлик техникаси қоидаларига амал қилмагани, ўз навбатида бозор маъмурияти буни таъминлай олмагани аниқланган.

Хусусан, ёнғин ва хавфсизлик техникаси қоидаларига кўра, иш вақти тугаганидан сўнг, павильон ҳудудидаги барча совутгич ва музлатгичлар электр тармоғидан ажратилиши лозим. Бу қоидага амал қилиш учун тадбиркорлар павильонга фақат бир кунлик сотиладиган маҳсулотларни олиб кириши шарт. Меъёрдан ортиқ маҳсулотларни бозор ҳудудига киритиб, сотиш учун уни совутгич ва музлатгичларда сақлаб қўйиш мумкин эмас. Аммо тадбиркорлар бу қоидага амал қилишмаган. Бозор маъмурияти эса буни талаб қилмоқчи бўлганида, зиддият ва жанжаллар келиб чиққан. 

Урганч шаҳар Давлат санитария эпидемиология назорат маркази (ДСЭНМ) маълумотига кўра, ёз ойларида тез бузилувчи маҳсулотлар фақат совутгичларда сақланиши лозим. Агар бунга амал қилинмаса, гўшт ва гўшт маҳсулотлари 6 соат, сут ва сут маҳсулотлари 2 соат, колбаса ва колбаса маҳсулотлари ўрами бузилмаган бўлса 6 соат, агар бузилган бўлса 2 соатдан кейин истеъмолга яроқсиз бўлиб қолади. Шу туфайли, бу маҳсулотлар доимий равишда совутгич ва музлатгичларда сақланиши лозим. 2-ёпиқ павильонда асосан озиқ-овқат маҳсулотлари сотилиши инобатга олинса, ёзнинг жазирамасида бу ер совутгич ва музлатгичларга тўла бўлган.

Ёнғин сабабини аниқлаш мақсадида, Х.Сулаймонова номидаги Суд экспертизаси маркази томонидан экспертиза ўтказилган. Унинг хулосасига кўра, ёнғин ўчоғи 2-ёпиқ павильоннинг музлатгичлар зич жойлаштирилган нуқтасида бўлгани, экспертизага ашёвий далил сифатида тақдим этилган электр симлари ва розетка қолдиқларида қисқа туташув аломатлари мавжуд эмаслиги аниқланган. Ёнғин электр тармоғида вужудга келган авария ҳолати, яъни ортиқча юкламадан келиб чиққан бўлиши мумкинлиги кўрсатилган. Яъни сутканинг 24 соати давомида электр тармоғидан ажратилмай ишлатилган совутгич ва музлатгичларнинг юкламасини электр симлари кўтара олмаган ва катта эҳтимол билан қизиб, эриб кетган.