Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Низомга кўра, вазирлик автомобиль, темир йўл, ҳаво, дарё ва электр транспорти, метрополитен ва йўл хўжалигини ривожлантириш борасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда норматив-ҳуқуқий тартибга солиш бўйича давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Вазирлик тизимига қуйидагилар киради:

марказий аппарат;

Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри транспорт бошқармалари;

Автомобиль йўллари қўмитаси;

Фуқаро авиацияси агентлиги;

Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси;

Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси;

“Ўзаэронавигация" маркази;

Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази;

Илмий-тадқиқот, ўқув муассасалари ва бошқа ташкилотлар.

Қуйидагилар вазирликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

1) транспортнинг барча турларини Ўзбекистон Республикаси ягона транспорт тармоғига интеграциялаштириш ва янги самарали транспорт-логистика тизимларидан фойдаланиш асосида биргаликда ривожлантиришга йўналтирилган ягона давлат транспорт сиёсатини ишлаб чиқиш;

2) транспорт ва логистика хизматлари бозорини ривожлантиришни рағбатлантириш, уларнинг барча тоифадаги истеъмолчилар учун оммабоплигини таъминлаш, шунингдек, соҳага инвестицияларни жалб этишга йўналтирилган транспорт соҳасидаги ягона тариф сиёсатини амалга ошириш;

3) халқаро транспорт коридорларини ривожлантириш, логистика тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва чора- тадбирларни амалга ошириш, мамлакат транспорт салоҳиятидан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик субъектларининг транспорт-логистика хизматларидан фойдаланишдаги сарф-харажатларини камайтириш;

4) транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш;