Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Қонун лойиҳасига кўра, тўловга қобилиятсизлик аломатлари қуйидагилар:

Қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир эмаслиги;

агар тегишли мажбурият ва (ёки) тўловлар мажбурияти юзага келган кундан эътиборан уч ой давомида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, қарздорга эса – шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхонага тўловлар мажбурияти юзага келган кундан эътиборан олти ой давомида;

агар қарздор юридик шахсга нисбатан жами талаблар энг кам иш ҳақи миқдорининг камида уч юз баробарини ташкил этадиган бўлса, қарздор шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхонага энг кам иш ҳақи миқдорининг камида беш минг баробарини ташкил этадиган бўлса, қарздор якка тартибдаги тадбиркорга ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсга нисбатан эса энг кам иш ҳақи миқдорининг камида йигирма баробарини ташкил этадиган бўлса.

Мазкур модданинг биринчи қисмидаги қоидалар тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиботларига нисбатан қўлланилмайди.

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилади.

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш белгиланган аломатлар мавжуд бўлган тақдирда иқтисодий суд томонидан қўзғатилиши мумкин, шунингдек, тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган таомиллари бундан мустасно.

Пул мажбуриятларни бажармаганлиги натижасида қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш қўзғатиш учун ариза билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздор, кредитор ва прокурор эга.

Мажбурий тўловлар мажбуриятларни бажармаганлиги натижасида, шунингдек, устав фондида давлат улуши бўлган ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси олдида пул мажбуриятлари бўйича қарздорлиги бўлган юридик шахсларга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш учун ариза билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздор, прокурор, давлат солиқ хизмати органи, тўловга қобилиятсизлик ишлари бўйича давлат органи ва унинг ҳудудий органлари эга.

Қарздор, белгиланган аломатлар мавжуд бўлса, ўзини тўловга қобилиятсизлик ҳақида иш қўзғатиш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат этишга ҳақли.