Турмушимизни сувсиз тасаввур қилиш қийин. Чунки у — ҳаёт манбаи. Бироқ XXI асрда ҳамон томорқаларни суғорадиган сувдан ҳам қисилган, оддий ичимлик сувини ҳам ташиб ичаётган қишлоқлар борлиги кишини таажжублантиради.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Таҳририятимизга Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон тумани «Янгиобод» маҳалласидан мурожаат келиб тушди ва мухбиримиз ушбу қишлоқда бўлиб маҳалла аҳлига микрофон тутди.

Адирликлар орасида жойлашган ва туман марказидан 9 км узоқликда, адирлар орасида жойлашган бу қишлоқда муаммолар бир талай экан. Қишлоқ аҳли ўзларини ҳеч ким эшитмаётганини, муаммолари ҳал қилинмаётгани, ислоҳотлар шамоли шу масканга ҳам кириб келишини исташаётганини билдиришди.

Маҳалла оқсоқолларидан бири Эгамберди Раҳимовнинг айтишича, қишлоқ аҳли ичимлик сувининг бир цистернасини 100 минг сўмга сотиб олади. Мол-ҳол ҳам шу сувдан ичади. Чунки зовурлардаги сизот сувлари шўр бўлиб, чорванинг ўлимига сабаб бўлмоқда.

Ҳолбуки, қишлоққа бир пайтлар водопровод қувури уланган бўлган, 12 км нарида ичимлик суви беҳудага оқиб ётибди. Мутасаддилар қачонки «Янгиобод» маҳалласи давлат дастурига тушса кейин қишлоққа водопровод тортиб берилишини таъкидлаб келишмоқда.

Қишлоқдаги онахонларнинг ҳам дардига қулоқ тутамиз. Норпошша Анварованинг сўзларига кўра, ёш болалар кўлмаклардан сув ичишга ҳам одатланишган ва қишлоқда сариқ касал юқтирмаган боланинг ўзи қолмаган.