Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент маълумотига кўра, ҳолат унинг Фурқат тумани бўлими ўтказган терговга қадар текширувда аниқланган.
Текширув маълумотларида қайд этилишича, «Фарғона сув таъминоти» АЖнинг Фурқат тумани бўлими ходими Х.Т. «А.П.» МЧЖга нисбатан ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати бўйича ўрганиш далолатномасини расмийлаштирган.
Шунга қарамай, у фуқаро Ж.М.га гўёки мазкур корхона ҳудудидаги унинг цехида 8,4 млн сўмлик ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати юзасидан далолатнома тузганини айтган. Сўнг 2 млн сўм эвазига ушбу ҳужжатни йўқ қилиб беришни ваъда қилган.
Департамент хабарида Х.Т. шу тариқа 2 млн сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани билдирилган. Унинг мазкур пулни қайтаргани процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Расмий маълумотда ходим муқаддам судлангани ҳам қайд этилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси — фирибгарлик билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
















