Жаҳон | 12:15 / 28.04.2019
77090
4 дақиқада ўқилади

«Ҳеч ким жаннатга дарҳол тушмайди»: Зеленский сайловлардаги ғалабасидан кейин илк бор Путинга мурожаат қилди

Фото: Reuters /Valentyn Ogirenko

Украинанинг бўлғуси президенти Владимир Зеленский 27 апрелда Россия президенти Владимир Путинга мурожаатини эълон қилди. Бу унинг сайловлардаги ғалабасидан кейин Путинга илк мурожаати бўлиб, жамоасининг Telegram-каналида украин ва рус тилларида жойлаштирилган. Мурожаатда Зеленский Путиннинг Украина фуқароларига соддалаштирилган тартибда Россия паспортлари берилиши бошланиши мумкинлиги ҳақидаги сўзларига изоҳ берган ва Путин билан учрашишга тайёрлигини билдирган.

Бўлғуси президентнинг фикрича, Россия ҳукумати катта сондаги украиналикларни Россия паспортлари билан қизиқтира олмайди. “Кўплаб украиналиклар Россия ўз халқини айлантирмоқчи бўлаётган “янги нефть” бўлишни исташига умид қилиш ярамайди”, дейилган Зеленский мурожаатида. Унинг таъкидлашича, агар кимдир Россия фуқаролигини олишни истаса ҳам буни пул топиш ёки Украинадаги жиноий таъқибдан қочиш учунгина амалга ошириши мумкин. “Биз Владимир Путинга яқин орада юқори лавозимларини суиистеъмол қилиб, беҳаёча талаган мамлакатида яшаш ноқулай бўлиб қоладиган Украина фуқаролари рўйхатини тақдим қилишимиз мумкин. Россия бундай “профессионаллар” унга кўпроқ қаерда – Ростов ёки Магаданда керак бўлишини яна ҳал қилсин”, деб айтган Зеленский.

Унинг айтишича, Россия паспорти “тинч норозилик учун ҳибсга олиниш”, “эркин ва рақобатбардош сайловларга эга бўлмаслик” ва “умуман инсон ҳуқуқлари ва эркинларини унутиш ҳуқуқини” беради, украиналикларда эса сўз эркинлиги, эркин интернет ва ОАВ бор.    

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Путин 27 апрелда Пекинда журналистлар билан суҳбатда Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олиш келгусида Украинанинг барча фуқароларига татбиқ қилиниши мумкинлигини айтганди.

Зеленский ўз мурожаатида Россия ҳукумати билан музокараларга ва “Украина ва Россиянинг ўзаро мавжудлигининг янги шартларини” муҳокама қилишга тайёрлигини билдирган. У икки томонлама муносабатларнинг ҳақиқий нормаллашиши Донбасс ва Қрим “тўлиқ деоккупация” қилингандан кейингина мумкинлигини таъкидлаб ўтган.    

Сиёсатчи Украина билан таҳдидлар, ҳарбий ва иқтисодий босим тилида гаплашиш ярамаслигини айтган. “Бу ўт очишни тўхтатишни ва Минск жараёнини тиклашнинг энг яхши усули эмас”, деб айтган бўлғуси президент.

Зеленский мурожаати сўнгида Путиннинг у ҳақдаги сўзларига муносабат билдирган. Путин бундан аввалроқ журналистнинг “Зеленский олдида ҳозир бўлганингизда ундан нима ҳақида сўрардингиз?” деган саволига “Владимир Зеленский Худо эмас ёки авлиёлар даражасига кўтарилмаганки, унинг олдида бирор қандай кўринишда ҳозир бўлишим керак бўлсин”, деб жавоб қилган. Путин, шунингдек, Зеленский билан учрашиши мумкинлигини истисно қилмаган. 

“Мен ҳақиқатан ҳам барча истакларим амалга ошадиган Худо эмасман. Бироқ мен шуни эсда тутаманки, барча амалдорлар ўз қилмишлари учун Унинг олдида жавоб берадиган вақт келади. Ҳеч ким Жаннатга дарҳол тушмайди. Дастлаб савол-жавоб бўлади”, деб ёзган Зеленский бунга жавобан.

Мавзуга оид