Индонезия президенти Жоко Видодо мамлакат пойтахтини Жакартадан бошқа шаҳарга кўчирмоқчи эканлигини маълум қилди. У бу ҳақда ҳукумат йиғилишида билдирди, деб хабар берди Kompas портали.

"Жакарта бир вақтнинг ўзида иккита муҳим вазифа: ҳам молиявий, ҳам сиёсий марказ бўлишни бажара олмаяпти", -деди у. 

Унинг сўзларига кўра, "янги пойтахт учун тўғри жой танлаш, керакли инфраструктурани тайёрлаш зарур".

Порталнинг маълумот беришича, ҳукумат пойтахт кўчирилиши мумкин бўлган учта жойни танлаган. Улар хусусан, Паланкарая шаҳри ва Пенажам районидир.

Миллий ривожланишни режалаштириш вазири Бамбанг Брожонегоронинг айтишича, пойтахтни кўчириш жараёни ўн йилгача вақтни олиши мумкин.

Жакарта алоҳида маъмурий округ мақомига эга ва мамлакатнинг энг аҳолиси зич шаҳарларидан ҳисобланади.