15 август куни тонгда Индонезиянинг шарқий қисмида 7,7 магнитудали зилзила рўй берди. Reuters агентлиги хабарига кўра, зилзила эпимарказига энг яқин бўлган Флорес оролидаги Маумере шаҳрида 47 киши ҳалок бўлган.
Яна 23 киши турли даражада жароҳат олган. Жабрланган ҳудудлардан 2 мингга яқин киши эвакуация қилинган.
Зилзила Флорес оролида жиддий вайронгарчиликларга сабаб бўлган: 50 га яқин уй, шунингдек, мактаб, шифохона ва ҳукумат бинолари шикастланган. Айрим ҳудудларда кўчки содир бўлган, натижада 700 км узунликдаги муҳим транспорт томири ҳисобланган Трансфлоресск шоссеси бир неча жойда тўсилиб қолган.
Зилзила туфайли кўплаб ҳудудлар электр таъминотидан узилган, бу ҳам маълумот тарқатиш ҳамда қидирув-қутқарув ишлари олиб боришни қийинлаштирмоқда.

Фото: Reuters
Йўллар тўсилгани ва алоқа узилгани туфайли қутқарув гуруҳлари зилзила эпимарказига яқин жойлашган Нагекео округига етиб бора олмаяпти. Комодо номли туристик шаҳардаги аэропорт қисман вайрон бўлган.

Фото: Reuters
12 соат ўтиб Суматра ороли соҳилларида яна бир зилзила рўй берди. У ердаги жабрланувчилар ва вайронгарчиликлар ҳақида маълумот йўқ.
Расмийлар цунами хавфи ҳақида огоҳлантириш берган ва соҳилга яқин ҳудудлар аҳолисини эвакуацияга чақирганди, аммо метеорологлар денгиз сатҳида жиддий ўзгариш йўқ деб топишди ва бу огоҳлантириш бекор қилинди.

Фото: ARNOLD WELIANTO / AFP via Getty Images
Зилзила – Индонезияда тез-тез рўй бериб турадиган табиат ҳодисаси ҳисобланади.
2004 йилда Суматра соҳиллари яқинида 9,1 магнитудали зилзила рўй бериши цунамига олиб келган ва 220 мингга яқин киши ҳалок бўлганди.
2018 йилда Ломбок оролида рўй берган ер силкиниши 550 дан ортиқ кишини ҳаётдан олиб кетган. Ўша йили Сулавеси оролида рўй берган яна бир зилзила ва унинг ортидан цунами рўй бериши 4,3 мингдан ортиқ киши ҳаётига зомин бўлганди.
Флорес соҳилларидаги энг жиддий зилзила ва цунами 1992 йилда кузатилган, ўшанда 2,5 минг киши ҳалок бўлганди. Оролдаги Лабуан Бажо шаҳри яқинида Комодо миллий боғи жойлашган бўлиб, у ерда Комодо эчкемарлари яшайди ва ҳар йили кўплаб сайёҳлар ташриф буюрадиган масканлардан бири ҳисобланади.










