30 апрель куни Венесуэла мухолифати раҳбари Хуан Гуайдо Каракасдаги ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли базада олинган видеони эълон қилди. Видеода у ўзини қуршаб турган ҳарбийлар орасида туриб, мамлакатдаги барча ҳарбийларни ўзига қўшилишга ва Николас Мадуронинг узурпациясига чек қўйишга чорлади ва озодлик ҳаракатининг якуний босқичи бошланаётганини эълон қилди.
Венесуэла президенти Николас Мадуро мамлакатда намойишларнинг янги тўлқини бошланганига қарамасдан, қайсарлик билан хавфни инкор қилмоқда.

Miraflores / EPA / Scanpix / LETA
У ўз телемурожаатида «ўнг кучлар, Колумбия олигархияси ва Америка империяси» томонидан саҳналаштирилган намойишлар барбод бўлгани ҳақида гапирди. Мадуро мухолифатчиларнинг намойишларини давлат тўнтаришига уриниш сифатида баҳолади ва Венесуэла прокуратураси текширув ишлари бошлаганини маълум қилди. Венесуэла президенти «олий ҳарбий қўмондонликнинг тинчликни ҳимоя қилишдаги жасурлиги»ни эътироф этиб, ҳарбий раҳбариятга миннатдорчилик билдирди.
Бу вақтда эса мухолифат раҳбари Хуан Гуайдо намойишлар давом этаётгани, аммо унинг рақиби хорижий элчихонага яширингани ҳақида гапирди.

Manaure Quintero / Reuters / Scanpix / LETA
Гуайдонинг айтишича, унинг тарафдорлари «армия кўмагидан маҳрум бўлган» Мадуро устидан ғалаба қозонилмагунича кўчаларда қаршилик кўрсатишда давом этади. Ўз навбатида намойишлар арафасида Гуайдо томонига ўтган ҳарбийлар томонидан уй қамоғидан озод қилинган бошқа бир мухолифат етакчиси Леопольдо Лопес Испания элчихонасидан қўним топган (Лопес ва унинг рафиқаси келиб чиқишига кўра испанлар). Бундан ташқари, венесуэлалик 25 нафар ҳарбий Бразилия элчихонасидан бошпана сўраган. Бу мамлакат президенти Жаир Болсонару Мадуро режимига қарши ҳисобланади.
АҚШ Давлат котиби маълум қилдики, намойишлар бошлангач, Мадуро Венесуэладан Кубага қочиб кетмоқчи бўлган, аммо руслар уни бундан қайтаришган. Россия ва Мадуро буни инкор қилмоқда. «Кейинги кунларда Мадурони кўрганлар бўлмади. Унинг учун махсус самолёт тайёрланган, у кетишга тайёр бўлган, аммо биздаги маълумотларга кўра, руслар унга қолиши кераклигини айтишган», деди Майк Помпео CNN эфирида. Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова эса бу маълумотни «ахборот урушидаги фейк» деб атади. Мадуронинг ўзи ҳам ўзини мамлакатдан қочиб кетишдан қайтаришгани ҳақидаги маълумотни рад этди.














