АҚШда Венесуэланинг собиқ президенти Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флоресга янги айбловлар эълон қилинди. Улар ҳокимиятни сақлаб қолиш мақсадида сиёсий мухолифлари ҳамда АҚШ фуқароларини қийноққа солишда айбланмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги айблов хулосасига таяниб хабар берди. Январь ойидан буён Николас Мадуро ва Силия Флорес АҚШда ҳибсда сақланмоқда.
Ҳужжатда қайд этилишича, Венесуэланинг собиқ президенти ва унинг рафиқасига ноқонуний гиёҳванд моддалар савдосидан ташқари, қийноқлар қўллаш мақсадида тил бириктириш айблови ҳам қўйилган. АҚШ прокуратураси маълумотларига кўра, Николас Мадуро 2013 йилда давлат тўнтаришига тайёргарлик кўришда гумон қилинган венесуэлалик зобитни ҳибсга олиш тўғрисида буйруқ берган. Сўроқ чоғида ҳарбий контрразведка бошқармаси ходимлари ҳарбийни қийноққа солган.
Прокуратуранинг таъкидлашича, яна бир ҳолат 2022 йилда юз берган: АҚШ фуқароси Венесуэла чегарасида қўлга олиниб, Николас Мадурони ўлдириш мақсадида тил бириктиришда айбланган. Уни ҳам ҳарбий контрразведка ходимлари қийноққа солган.
Эслатиб ўтамиз, шу йил январь ойида АҚШ махсус бўлинмалари Николас Мадуро ва Силия Флоресни Венесуэла пойтахтида қўлга олиб, Нью-Йоркка етказган эди. Дастлаб уларга наркотерроризм бўйича айблов қўйилган. Ишни мазмунан кўриб чиқиш 2027 йил ёзида бошланади. Мадуро ўзига қўйилган айбловларни рад этмоқда ва суддан уларни бекор қилишни талаб қилмоқда. Агар унинг айби исботланса, умрбод қамоқ жазосини олиши мумкин.















