Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4086-сон қарорининг 10-банди билан, 2019 йил 1 июлдан товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотиб олувчилар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланмайдиган етказиб берувчилардан олинган ҳисоб-фактуралар бўйича қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга эмаслиги белгиланди.
ДСҚ матбуот хизмати хабарига кўра, бунда солиқ тўловчиларнинг давлат солиқ хизмати органларида қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида ҳисобга олинганлиги тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси расмий сайти орқали реал вақт режимида аниқланади.
Солиқ қонунчилигига киритилган ушбу талабнинг мазмун ва моҳиятини аниқ билиб олиш учун қуйидаги ҳолат кўриб чиқилган.
Қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлмаган «А» корхона томонидан қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган «Б» корхонага реализация қилинган 100,0 млн. сўмлик товарлар (ишлар, хизматлар) учун ҳисобварақ-фактурада жами 120,0 млн. сўм, шундан 20,0 млн. сўми ҚҚС эканлиги кўрсатилган.
Содир этилган ана шундай ҳолат бўйича Солиқ кодексининг 118-моддасига мувофиқ, «А» корхонага нисбатан ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган қўшилган қиймат солиғи суммасининг 20 фоизи, яъни 4,0 млн. сўм жарима қўлланилади ва «А» корхона томонидан ҳисобварақ-фактурада асоссиз кўрсатилган 20,0 млн. сўм ҚҚС суммаси билан бирга, жами 24,0 млн. сўмни бюджетга тўлаши шарт бўлади.
Шунингдек, жорий йил 1 июлдан киритилаётган талабга мувофиқ, товарларни (ишларни, хизматларни) сотиб олувчи «Б» корхонага нисбатан жарима солиш қўлланилмаса-да, ушбу корхона қўшилган қиймат солиғи бўйича бюджет билан қайта ҳисоб-китобни амалга ошириши шарт бўлади. Яъни, корхона қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга эмаслиги сабабли, аввал ҳисобга олган 20,0 млн. сўмни қўшилган қиймат солиғи суммасини бюджетга тўлаб беришга мажбур бўлади.
Солиқ тўловчиларнинг ана шундай ноқулай аҳволга тушиб қолмасликларини таъминлаш ҳамда солиқ муносабатларида бўладиган бизнес ҳамкорларни, бошқача қилиб айтганда ўз контрагентларининг:
• давлат солиқ хизмати органларида ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтганлиги;
• бизнесда тутган ўрни;
• молиявий ҳолати;
• ишлаб чиқариш базаси ҳамда малакали ишчиларининг мавжудлиги каби жиҳатларини олдиндан ўрганиш орқали мажбурий эҳтиёткорлик чораларини қўллаш тавсия этилади.
















