Tax Policy Associates тўплаган маълумотлар асосида Европа мамлакатларининг алоҳида солиқлар сони бўйича кўрсаткичлари таққосланди.

Унга кўра, Франция 348 та алоҳида солиқ билан бошқа Европа мамлакатларидан сезиларли даражада ажралиб туради. Иккинчи ўриндаги Данияда 132 турдаги солиқ мавжуд. Европа бўйича ўртача кўрсаткич эса қарийб 90 тани ташкил этади.

Франциядаги 348 та солиқнинг 243 таси бюджетга нисбатан кам даромад келтирадиган солиқлар тоифасига киритилган. Мамлакат бюджети тушумларининг асосий қисми эса йирик солиқ турлари ҳисобига шаклланади.

Жумладан, 2024 йилда меҳнат фаолияти билан боғлиқ солиқлардан 800 млрд евродан ортиқ, товарлар ва хизматларга солинадиган солиқлардан эса қарийб 300 млрд евро тушум олинган.

Францияда солиқлар сонининг кўплиги турли даврларда жорий этилган тор соҳавий йиғимлар билан ҳам боғлиқ. Улар орасида суғурта, касбий таълим, савдо-саноат палаталари, атом энергетикаси ва қимор ўйинлари билан боғлиқ махсус солиқ ва йиғимлар бор.

Рейтингнинг қуйи қисмида Болтиқбўйи давлатлари жойлашган. Латвияда 54 та, Литвада 35 та алоҳида солиқ қайд этилган. Эстонияда эса 34 та солиқ мавжуд бўлиб, бу таққосланган Европа мамлакатлари орасидаги энг паст кўрсаткичдир.

Шу билан бирга, алоҳида солиқлар сони мамлакатдаги умумий солиқ юки қанчалик юқори ёки пастлигини бевосита англатмайди. Бу кўрсаткич, аввало, миллий солиқ тизимининг тузилиши ва мураккаблигини таққослаш имконини беради.