Ўзбекистон Республикаси Президенти «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунни имзолади. 

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 6 февралда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 28 февралда маъқулланган.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015–ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди:

99-модданинг (Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) матни қуйидаги таҳрирда баён этилади:

«Лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ишлари бажарилаётганда талабларни бузиш, шунингдек қурилиш соҳасида назорат қилиш ва йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияларининг кўрсатмаларини бажаришдан бўйин товлаш ёки ўз вақтида бажармаслик (бундан якка тартибдаги уй-жой қурилиш объектлари мустасно), – фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, – фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бинокорлик материалларини, конструкцияларини ва буюмларини ишлаб чиқаришда техник регламентлар талабларини бузиш, – мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, – мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Қурилиши тугалланган бинолар ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш қоидаларини, аҳоли пунктларининг ва аҳоли пунктлариаро ҳудуднинг бош режаларини, уларни режалаштириш ва қуриш лойиҳаларини, маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларни реконструкция қилиш режаларини бузиш, даҳаларни, мавзеларни ва шаҳарларнинг саноат зоналарини, қишлоқ аҳоли пунктларини қуриш ва ободонлаштириш сифатини, шунингдек бинолар ва иншоотларнинг архитектура ечимларини бузиш, – фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўттиз бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.