Фурқат боғи яқинидаги Абдулла Авлоний маҳалласида истиқомат қилган оилалардан бирининг эски уйи пахсадан эди. Унинг эгаси бошпана қачон қурилганини ҳам аниқ эслай олмайди.
“Квартирамиз нураб қолганди. Ҳатто қачон қурилганини эслай олмайман: ёши мендан ҳам катта бўлса керак. Ёмғир ёғганда лойлари ювилиб кетарди. Томи эски, деворлари эса сув ўтказарди. Иситиш тизими газда ишларди, лекин тез-тез бузиларди. Электр симлари ҳам қониқарли ҳолатда эмасди”, – дейди Гулнора Йўлдошева.
Энди эса у оиласи билан Сергели туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида қурилган шинам хонадонга кўчмоқда. Унга уч хонали, учинчи қаватдаги квартира берилган.
“Аввалги уйимиз билан солиштирганда бу бутунлай бошқа: осмон билан ерча фарқ қилади. Барча шароитлари бор, хоналар ёруғ ва шинам. Қурувчилардан миннатдормиз”, – дейди янги хонадон эгаси.

“Уй ўрнига янги хонадон берилади, деб ўйламагандим”
Реновация натижасида айрим оилалар учун ўзгариш фақат янги манзил билан чекланмаган. Эски хонадоннинг майдони ва оилада қанча одам мавжудлигига қараб, уларга бир эмас, бир нечта уй ажратилган. Мисол учун, Зуҳра Ғаффарованинг аввал қарийб 200 квадрат метрли хонадони бўлган. Янги уй-жойларни тақсимлаш жараёнида эса унинг оиласига 4 та хонадон берилган.
“Аввал Чилонзор туманидаги икки қаватли уйнинг биринчи қаватида яшардим. Эски квартирамизнинг майдони қарийб 200 квадрат метр эди. Реновацияга тушганимиздан кейин оиламиз билан бориб, хоналарни ўзимиз танлаб, тақсимлаб олдик. Мен ва қизимга Сергелидан, икки ўғлимга эса Миробод туманидан хонадон берилди”, – дейди у.
Аёлнинг айтишича, янги хонадонлар тайёр таъмир ва зарур жиҳозлар билан топширилган.
“Шароитлари ўзимиз хоҳлагандек. Таъмирлари битган, ҳамма жиҳозлари бор. Жуда чиройли. Ёлғиз она учун барча фарзандларини уй билан таъминлаш жуда қийин. Мен қачон учта фарзандимга учта уй олиб бераман, деб ўйлардим. Бир хонадон беришади, деб кутгандим. Учта фарзандим ҳам ўз оиласи билан алоҳида уйга эга бўлганидан жуда хурсандман”, – дейди Зуҳра Ғаффарова.

Янги хонадонларда қандай шароит бор?
Калитларни олган оилалар янги уйларига кириб, хонадонларни кўздан кечирди. Квартираларда таъмирлаш ишлари якунланган, хоналар фойдаланишга тайёр ҳолатда топширилган. Уйларнинг ёруғлиги ва ички таъмири хонадон эгаларининг эътиборидан четда қолмади.

“Квартираларнинг кенглик майдони яхши, шароитлари ҳам ёқди. Таъмири жуда чиройли. Яшаб берсак бўлди экан”, – дейди янги кўчиб ўтаётганлардан бири.
Массив атрофида болалар учун майдончалар, мактаб ва боғчалар каби ижтимоий инфратузилма объектларини ишга тушириш ҳам кўзда тутилган.

“Аввал реновация деса, халқ қўрқарди”
Реновация дастури доирасида эски уйларни бузиб, уларнинг ўрнига янги турар жойлар қуриш билан бирга, аҳолининг уй-жой масаласини ҳал қилиш механизмини ишга тушириш ҳам режаланган.
Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг айтишича, Яшнобод туманида дастлабки босқичда 40 та хонадон эгаларига уйлар топширилмоқда. Қурилиш ишлари якунлангач, қолган оилалар ҳам янги хонадонларга кўчирилади. Йил охиригача яна 58 та хонадон топширилади.

Таъкидланишича, реновация фақат битта ҳудуд билан чекланмайди. Дастур Тошкентнинг бошқа туманларида ҳам босқичма-босқич амалга оширилади.
“Аввал реновация дейилса, халқ қўрқарди. “Уйимиз қолиб кетади, алданиб қоламиз”, деган тушунча бор эди. Ҳозир эса бу хавотирлар асоссиз экани ва ишларимизнинг амалий натижасини кўриб турибмиз. Янги хонадонларни ажратишда аввалги уй-жойнинг майдони ва оиланинг таркиби ҳисобга олинди. Айрим ҳолларда мавжуд майдонга қўшимча коэффициент қўлланган ҳолда янги хонадон олиш имконияти яратилди. Тошкентда реновацияни талаб қиладиган уйлар сони кўплиги сабабли бу жараён бир неча йил давомида босқичма-босқич амалга оширилиши кутилмоқда”, – дейди Тошкент шаҳар ҳокими.









