Тошкент шаҳар онкология марказига қарашли 4,36 гектар ҳудудда пойтахт аҳолиси учун очиқ яшил боғ барпо этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги маълум қилди.
Лойиҳа «Яшил шаҳар» концепцияси доирасида амалга оширилади. Ҳудуддаги бинолар бўшатилгач, улар бузиб ташланмайди, балки реконструкция қилиниб, ёшлар шаҳарчасига мослаштирилади.


У ерда ўқув ва ижодий марказлар, кутубхона, коворкинг ҳудудлари, симуляция устахоналари ва стартап-студиялар ташкил этилади.
Ҳокимликнинг таъкидлашича, ёшлар шаҳарчаси яшил боғнинг ўрнини эгалламайди ва кўкаламзор ҳудуд майдони қисқартирилмайди. Шунингдек, лойиҳада алоҳида бизнес-офислар ёки бошқа тижорат объектларини қуриш режалаштирилмаган.


Таъкидланишича, бинолар атрофи ободонлаштирилиб, кўкаламзорлаштирилади. Ҳудуднинг асосий қисми эса барча шаҳарликлар фойдаланиши мумкин бўлган очиқ жамоат боғи сифатида сақланади.









