Самарқанд вилояти Паст Дарғом тумани Шомбулоқ қишлоғида истиқомат қилувчи биринчи гуруҳ ногирони, 60 ёшли кўзи ожиз пенсионер Гулсара Ҳасановадан мурожаат келиб тушди.

Маълум бўлишича, Г.Ҳасанованинг уйи олдидан ўтган ариқни 18 март куни қазиб, кенгайтириш баҳонасида «Чортут» фермер хўжалиги раиси Ғулом Ҳожимаматовнинг буйруғи билан ариқ устидаги кўприк бузиб ташланган.

Г.Ҳасанованинг фарзандлари Россия Федерациясида меҳнат миграциясида бўлиб туришибди, бу кўприкни қайта тиклаш учун шароитиям, имкониям йўқ.

«Келган одам яхшилик қилиш, ёрдам кўрсатиш ўрнига менга зарар етказиб кетаверадими?» — деди Г.Ҳасанова йиғламсираб.

Маҳалла фаолларидан бири, собиқ фермернинг ҳикоя қилиб беришича, бу ариқ 2–2,2 метр кенглик ва чуқурликда қазилган. Ҳолбуки бу ариқдан бор-йўғи 50 гектар дала сув ичади. Боз устига, ариқ янги қилиб қазилгач, гарчи суғорадиган жойнинг ўзи бўлмаса ҳам, бир ҳафта мобайнида ариқ тўлдириб сув ҳайдалган ва сув тошиб одамларнинг уйини сув босган.

Хўп, ариқ аҳоли зич истиқомат қилаётган ҳудудда беҳудага кенгайтирилган, дейишмоқда. Энди ўзингиз ўйланг, бирор ёш бола ўйнаб келиб, ариққа тушиб чўкиб кетса нима бўлади? Унинг хунини ким тўлайди? Ҳолбуки, бу ариқ ёш бола у ёқда турсин, катта одамни ҳам оқизишга қодир бўлиб турибди.

Г.Ҳасанованинг айтишича, у қизи етовида туман прокуратурасига ушбу масала юзасидан бориб, Мутал исмли ходимга учрашган. Прокуратурада уларнинг аризаси қабул қилинмаган. Бу иш билан туман сув хўжалиги бошқармаси шуғулланишини айтган. «Сизлар водхозга — Маҳмуд аканинг олдига ўтаверинглар, орқаларингдан етиб бораман», деб алдаган сектор учун масъул прокуратура ходими. Сув хўжалиги бошқармаси ходимлари ҳам «борамиз, далолатнома тузамиз», деб кўзи ожиз аянинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб юборишган.

Маҳалла профилактика инспекторидан ёрдам сўрашганда «Фермерга мен нима дея оламан, у одамга менинг гапим ўтмайди», дея жавоб қайтарган.