Бу сафар анонсни бироз бошқача тайёрладик, зеро айни палладан бошлаб учрашувларнинг афишасига эмас, турнир жадвалига қараб тавсия этамиз. Бу паллада баъзи топ-жамоалар ўз мақсадларига эришиб ёки эришолмай, келаси мавсум учун тайёргарликни бошлашади, ёш ўйинчиларга имкон беришади, бошқа жамоалар учун эса, очколар сув ва ҳаводек зарур бўлади. Бу паллада юлдузли «Эвертон»дан кўра, «Брайтон» хавфлироқ рақибга айланиб қолади. Демак, кучли бешликдаги асосий интригалар ҳақида.

ИСПАНИЯ

Мавсум тугашига 3 тур қолди ва бу ерда дастлабки уч ўрин соҳиблари ҳам, чемпион ҳам аниқ бўлиб улгурди. Лекин Ла Лигада интрига бутунлай тугади, деб айтиш қийин. Зеро, Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун бериладиган 4-ўрин учун кураш ва шунингдек, лигада ўз ўрнини сақлаб қолишга ҳаракат қилаётган аутсайдерлар ўртасидаги рақобат ҳам давом этяпти.

Назарий томондан «Атлетик»да ҳам имконият бўлса-да, ЕЧЛ йўлланмаси учун амалда уч жамоа – «Хетафе», «Севилья» ва «Валенсия» кураш олиб боришмоқда. «Валенсия» 52, яъни рақибларидан уч очко камроқ жамғарган. «Севилья» бугун, 3 май куни (23:55) ўз майдонида «Леганес»ни қабул қилса, якшанба куни соат 15:00да «Хетафе» Мадридда «Жирона» билан куч синашади. «Валенсия» эса якшанба куни «Уэска» меҳмони бўлади. Ўйин соат 23:45да бошланади.

Қизиғи, 4-ўрин учун курашаётган ҳар уч жамоанинг рақиби Лигада қолиш учун рақобат қилаётган жамоалардир. «Леганес» 42 очко тўплаб, хавфли зонадан етарлича узоқлашди ва қолган уч турда 2 очко олса кифоя. «Уэска» эса аксинча, 31 очко билан турнир жадвалида энг охирги поғонада бормоқда ва биргина ўйинда очко йўқотса, расман Ла Лига билан хайрлашади. «Хетафе» меҳмони бўладиган «Жирона» эса, «Вальядолид»дан 2 очкогина кўп жамғарган ҳолда 16-ўринни эгаллаб турибди. Демак, каталонияликлар учун ҳар бир очко сув ва ҳаводек зарур бўлади.

Мана шу уч ўйин, ҳамда «Вальядолид»нинг «Атлетик»ка қарши ўйини сўнгги турлар олдидан турнир жадвалидаги ҳолатга жиддий таъсир кўрсатади ва ҳар икки курашдаги фаворитларни аниқ белгилаб беради.

АНГЛИЯ

Англиядаги бу йилги чемпионлик рақобати ажойиб кечмоқда. 90дан кўп очко жамғариб ҳам совринсиз қолиш ҳолати АПЛ тарихида биринчи марта рўй берадиган бўлди. Параллел равишда ўз ўйинларини ютиб келаётган «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль» шундай ўйнашда давом этса, ўртадаги 1 очколик фарқ сақланиб қолади ва Гвардиола жамоаси қаторасига иккинчи марта мамлакат чемпионига айланади. Англияда бундай ҳолат, яъни икки мавсум кетма-кет чемпионликка эришиш 2009 йилдан бери рўй бермаётганди. «Ливерпуль» бу турда «Ньюкасл» меҳмони бўлса, «Манчестер Сити» «Лестер»ни қабул қилади.