Халқаро-Пресс клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжаев фейсбукдаги саҳифасида давлат тили ҳақидаги мулоҳазаларини баён қилди.

Мен болаликдаги ҳаётимни эсласам, ўша даврларда жудаям қизиқ бўлган, ўзига хос тарзда кечган. Мен ҳам ўша даврдаги тенгдошларим қатори совет даврида туғилдим, таълим олдим, балоғатга етдим. Ёшлигим асосан ўзбеклар яшайдиган маҳаллада ўтди. Маҳалла учун бир нотабиий ҳолат: болалар боғчасида русийзабон гуруҳда тарбия топдим.

Шунингдек, ўрта мактаб ва университетда ҳам Оврупо гуруҳида таълим олдим. Мутахассис бўлиб етишишдан ташқари рус тилини ҳам мукаммал ўргандим. Шунинг учун эскитдан рус тилида эмин-эркин гаплашаман, ёзаман, ижод қиламан, кўрсатувлар олиб бораман. Кейинчалик касбий эҳтиёжлар пайдо бўлгани сабабли инглиз тилини, шунингдек, туркча сўзлашишни хам ўргандим. Бугун қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз, туркман, уйғур, татар, бошқирд ва ҳатто тожик тилларини тушунаман, оз-оз бўлса-да фикримни тушунтира оламан.

Лекин болалик давримдан бошлаб ўз она тилим – ўзбек тили мен учун бош ва асосий тил. Ўйлайманки, ҳар қандай соғлом, ўзини ҳурмат қилган одамда ўз она тилига муносабат шу каби бўлиши керак. Инсонда она Ватан, ота-она ва миллий тил иккитадан бўлиши мумкин эмас. Тўғри, одам бошқа тилларда ҳам эркин ва муфассал сўзлаша олиши, хорижий тилдаги китобларни ўқиб завқ олиши табиий бир ҳол. Лекин, ҳар бир камолга етган инсон учун унинг ўзлигини англаши фақат она тили орқали кечади. Ҳар қандай ор-номус ва пок виждонга эга бўлган ҳазрати инсон ўз она тили турганида бошқа бир тилга расмий мақомни беришни сўраб юрмайди.

Ўзбек тили кеча пайдо бўлган тил эмас. Ўзбек тили олтой тиллар оиласининг туркий тиллар туркумига киради. Бу тил туркий тиллар ичида марказий ўринни эгаллайди. Ўз даврида Ҳазрат Алишер Навоий ўзбек тилининг бошқа туркийларда бўлмаган сифатларини очиб берди ва бу тилни ниҳоятда бой ва жозибадор эканлигини ўз ижоди билан исботлади ҳам. Ўзбек тилининг форсий-тожик тилларидан ҳеч қандай кам жиҳатлари йўқ эканлигини турли далиллар билан кўрсатиб берди.

Совет даврида қатағонлик даври – 1937 йилдан мустақиллик давригача ўзбек тили коммунистик мафкура, тоталитар сиёсат ва мустабидлик остида камситиб келинди. Ўша даврда ўзбек халқининг ўз она тилида сўзлашиши байналмилалчиликка зид, деб талқин қилинди. Ҳамон эсимда, ҳатто мактабда, транспортда, кўчаларда ўзбекча гапирсак, бизга жеркиб беришарди ўзбекча гапирма деб, давлат идораларидаги манзарани энди тасаввур қилаверинг...

Миллий тилимиз – ўзбек тили мустақиллик даврига келиб эркинликка эришди, миллатни ривожлантиришнинг энг асосий омилларидан бирига айланди. Аммо бизнинг хатойимиз салкам 30 йил давомида «Ўзбек тили тўғрисидаги» Қонунни қабул қилдик, энди у Давлат тили деб бепарво юравердик.