Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 7 августдаги 437-сон қарори билан республика даражасидаги давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларининг марказий аппаратларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликларида маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчи фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти маслаҳатчилар фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларга услубий раҳбарлик қилади.
Маслаҳатчилар Давлат тилини ривожлантириш департаменти билан келишилган ҳолда тегишли давлат органи, ташкилот ёки хўжалик бирлашмаси раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
Маслаҳатчиларнинг асосий вазифаларидан бири давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ҳузурида давлат тилини ривожлантириш ҳамда географик объектларни номлаш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш ва тегишли қарорлар қабул қилишда иштирок этишдан иборат.
Шунингдек, улар давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг давлат тили ҳамда маънавий-маърифий ишларни янада ривожлантиришга оид буйруқ, қарор ва кўрсатмалари ижросини назорат қилиб боради.
Белгиланган тартибга кўра, маслаҳатчиларнинг ҳисоботлари Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан бир йилда камида бир марта эшитилади.
Бундан ташқари, тегишли давлат органлари ва ташкилотларининг йиғилишларида маслаҳатчилар ҳар чоракда ўз фаолияти юзасидан ҳисобот бериб боради. Ҳисобот натижалари асосида тегишли чоралар кўрилади.











