Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 7 августдаги 437-сон қарори билан республикада давлат тилида иш юритишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. Ҳужжат президентнинг 2025 йил 20 октябрдаги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган.

Қарорда республика даражасидаги давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларининг марказий аппаратлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликларида раҳбарнинг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилгани қайд этилган.

Маслаҳатчилар фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мувофиқлаштиради ва уларга услубий раҳбарлик қилади. Маслаҳатчи Департамент билан келишилган ҳолда тегишли давлат органи ёки ташкилоти раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва озод этилади. Улар ўз раҳбари ҳамда Департаментга ҳисобдор бўлади.

Маслаҳатчиларнинг асосий вазифалари қаторига давлат тили, географик объектлар ва маънавий-маърифий соҳага оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш киритилди. Шунингдек, улар давлат тили қоида ва меъёрларига амал қилиниши ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш чораларини кўради.

Қарорга мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотларида давлат тили тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши, жумладан, ҳужжатларнинг давлат тилида юритилиши учун ташкилот раҳбарлари масъул ва шахсан жавобгар ҳисобланади.