“Ливерпуль” устози Юрген Клопп “Soccer AM”га интервью берди. Бу сафарги суҳбатнинг ўзига хослиги шундаки, саволлар Google`да мураббий ҳақида пайдо бўлган энг машҳур мавзулардан тузилганди. Ушбу суҳбатнинг эътиборли қисмларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Жаҳл ҳақида
“Мен камдан кам ҳолатда аччиқланаман. Биламан, баъзида ўйин бўлаётганда ёки бошқа бир пайтда жаҳлим чиққандек кўринади, аммо бу жуда тез ўтиб кетади. Яқин инсонларга қарши айниқса, мен бу туйғудан узоқ бўлишга уринаман. Балки экранда жаҳлдор кўринганим учун одамларга қизиқ бўлса керак. Балки юз тузилишим шунақадир. Лекин ишонаверинг, бу эмоция ифодаси эмас, менинг юзим жуда чиройли бир болакайни кўрганимда ҳам шундай туради”.
Клопп ҳақида фильм
“Брэд Питтни танлаган бўлардим. Менимча, унинг кўриниши ёмон эмас. Ўйлайманки, мени ҳақиқий тарзда кўрсата оларди. Аслида, у билан учрашишни истардим. Жуда зўр йигитга ўхшайди. У ижро этган роллар ёқади; айниқса, “Fight Club”, бошқа кинолари ҳам. Рафиқам ҳам уни жуда ёқтиради, албатта, учрашиб қолсак ёмон бўлмасди. Мен унга мени ролимда қандай бўлиш, қайси ҳаракатлар қилиш ёки қилмаслик ҳақида маслаҳатлар берардим. Аммо ростини айтсам, унақа кино чиқмагани яхши, нима ҳақидаям бўларди бу?”
Кинолар ҳақида

“Форрест Гамп”. Шубҳасиз! Бу ҳикоя! Бу санъат! Бу... Билмайман... Том Ҳэнкс. Ўн йилдан бери мендан ёқтирган фильмимни сўрашади ва хаёлимга фақат шу фильм келади. Менга жуда ёқади.
Бошқа ёқтирган фильмларим ҳам кўп, масалан “Рокки”нинг ҳамма серияси. Биринчиси қачон чиққанди? Саксонинчи йилларда бўлса керак. Ундан олдин биз қанақадир ўзига хос нарса ҳақида орзу қилганмиз, лекин иқтидор етмаган бўлса керак. Кейин эса, Рокки пайдо бўлди. Менимча, у ўша авлодга кўп нарса берди ва ҳатто Ғарб ва Шарқ курашига ҳам ажойиб ечим тақдим этди – уларни рингга олиб чиқинглар. Иван Драго ва Рокки Бальбоа. Уришишсин қани, ниҳоят.

Умуман олганда, экшн услубидаги фильмлар кўпроқ ёқади, Борн ҳақидагилар, Жеймс Бонд... Мен доим унга ўхшашни истардим. У билан учрашиш насиб этди ҳам. Албатта, ҳаммаси билан эмас, “Ливерпуль”га мухлис бўлгани билан. Дэниэл Крейг билан. Ажойиб йигит. Кўпинча мен билан учрашишганида футбол ҳақида гаплашмоқчи бўлишади, лекин мен Жеймс Бонд билан кўришганимда уч соат фақат кино ҳақида суҳбатлашдик.



















