15:54 / 08.05.2019
11809

Нурафшон шаҳрида олий таълим муассасаси ташкил этиш таклиф қилинди

Фото: Shosh.uz

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида олий таълим муассасасини ташкил этиш ҳақида петиция эълон қилинди.

Нурафшон шаҳри 2017 йилдан буён Тошкент вилоятининг маъмурий марказидир. Бугунги кунда собиқ Тўйтепа шаҳри негизида замонавий, Марказий Осиёдаги илк “ақлли шаҳар” (smart city)ни қуриш ишлари бошлаб юборилган. Шаҳарнинг иқтисодиёти бугун жадаллик билан ривожланмоқда. Ҳозирда Нурафшонга вилоятнинг барча бошқармалари, корхоналари ва ташкилотлари кўчирилмоқда. Ҳозирги кунда шаҳарда жами 13 та умумтаълим мактаби, 1 та коллеж мавжуд бўлиб, 45.000 мингга яқин аҳоли истиқомат қилувчи 22 та маҳалла фуқаролар йиғини бор, дейилади мурожаатда.

“Замонавий ахборот технологияларидан хабардор бўлган ёш авлодни тарбиялаш ва Нурафшон шаҳрининг нуфузини янада ошириш мақсадида олий таълим муассасасини ташкил этиш лозим. Бу орқали биз ҳар йили кўплаб олий маълумотга эга ёш кадрларни тайёрлашга эришамиз”, - деб ёзади петиция муаллифи.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Нурафшон шаҳрида қурилаётган Smart city жойлашган майдоннинг маълум бир қисмида олий таълим муассасасини ташкил этиш таклиф қилинди.

Top