Тўрт йил олдин, Юрген Клопп «Ливерпуль»га келган илк ойлар эди. Адашмасам, декабрь ойларида жамоа ўз майдонида «Вест Бромвич»ни қабул қилди ва 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. «Вест Бромвич» билан. Мезбонлар ўйиннинг охирги дақиқаларида ҳисобни тенглаштириб, мағлубиятдан зўрға қутулиб қолдилар. «Вест Бромвич» билан. 

Ўйин тугагач, Клопп шогирдларини йиғди ва уларни ашаддий мухлислар ўтирадиган секторга олиб борди. Барча футболчилар бир-бирларининг қўлларини ушлаб, осмонга қаратиб, дурангни нишонлай бошладилар. «Вест Бромвич» билан дурангни. 

Интернет тармоғида мемларга сабаб бўлиб кетган бу саҳна, очиғи, менга ҳам жуда эриш туйилганди. Фақат менга эмас. Қизиқда, Англиянинг энг совриндор клубларидан бири шу даражада тушдимики, «Вест Бромвич» билан дурангни шунақа нишонласа? Жамоани юқори савияга олиб келиши керак бўлган бу немис ғирт масхарабоз экан-ку?  

Ўша воқеадан сўнг қанча дарёлар оқиб кетди. Бир неча ой ўтиб, «Ливерпуль» ўз майдонида «Боруссия»дан 1:3 ҳисобида ортда бориб, ғалаба қозониб кетган ўйинни ҳам кўрдик.

Назаримда, ўша илк дурангда Клоппга рақибнинг ёки ўша бир очконинг умуман аҳамияти бўлмаган. Аҳамиятлиси, шогирдларини курашга ўргатиш, қаршисида кимлигининг аҳамияти йўқ бир рақиб ва қанчалик қийинлигини аҳамияти йўқ бир вазифа турганда, қанчалиги аҳамияти йўқ вақт ва имкон бор экан, охиригача ҳаракат қилиш кераклигини тушунтирмоқчи бўлганди.

Аслида мана шундай қийин вазифалар бажарилганда қанчалик завқли бўлиши мумкинлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлганди шогирдларига. 

Ва мана, бугунги ўйин...

Мен Юрген Клопп ажойиб тактика ўйлаб топиб, ўйинда бурилиш ясаб, «Барселона» устидан ғалаба қозонганига ишонмайман. Учрашувда дубллар қайд этган икки футболчи агар баъзи ўйинчилар жароҳат олишмаганда, умуман майдонга тушишмасди ҳам балки. Клопп бу ўйинга атайлаб қандайдир ўзига хос таркиб танламади, бахтга қарши, балки унинг бахтига, бошқа иложи ҳам йўқ эди, қўл остида мавжуд бўлган бор футболчилардан фойдаланди, холос.

Хўш, ниманинг ҳисобига «Барселона»дан устун бўлиш мумкин? Таркиб? Йўқ, буни айтдим. Жисмоний тайёргарлик? «Ливерпуль» уч кунгина олдин «Ньюкасл»да оғир учрашув ўтказди ва тўқсон тўртинчи очкосини олди, «Барселона» эса, аллақачон Испанияни забт этган ва футболчилар навбати билан дам олиб, анча яхшироқ спорт формасида келгандилар. Сценарий? Ҳа, тезкор гол урилди, аммо айнан «Ливерпуль» энг муҳим футболчиси Робертсонни биринчи бўлим охирларида йўқотган, Ҳендерсон ҳам қийин ҳолатда ўйинни давом эттираётганди. Мухлислар? Ҳа, балким.