Ижтимоий тармоқларда “Уй эгалари уйини бузишга келганларни тошбўрон қилди ва бузилишларга ўз танаси билан тўсқинлик қилди. Охири катта жанжал билан тугади” номли видеолавҳа тарқалди. У Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар қилмоқда.

Хабарда айтилишича, фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро судининг 2017 йил 21 декабрь куни даъвогар Избоскан тумани “Узункўча” маҳалла фуқаролари йиғини, Мадраса кўчасидаги уйда яшовчи, 1955 йилда туғилган К.М.ни, жавобгар Избоскан тумани “Узункўча” маҳалла фуқаролари йиғини, М.Болтабоев кўчасидаги уйда яшовчи фуқаро М.О. ва бошқаларга нисбатан “Ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни буздириш, ноқонуний эгаллаб олинган ер майдонини даъвогарга қайтариш, жавобгарларни мажбурий тартибда кўчириш, мерос мулкини натура ҳолда ундириш ҳақида”ги даъво аризаси бўйича юритилган фуқаролик иши кўриб чиқилган.

Суднинг 2018 йил 11 январь куни ҳал қилув қарори ва шу куни ижро варақасига кўра, низоли Избоскан тумани “Узункўча” маҳалла фуқаролари йиғини, Ойдинҳаёт (собиқ М.Болтабоев) кўчасида 1.389 кв.м, ер майдонида жойлашган уйга жавобгар М.О. томонидан ўзбошимчалик билан қурилган 0001-литерли уй-жой, 0002-литерли айвон ва 0003-литерли бостирма қурилмалари жавобгар ҳисобидан мажбурий тартибда ёки даъвогар томонидан буздирилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 89-моддасига мувофиқ, суд ижрочисининг суд ижро варақаси юзасидан бўлган талабларни Ўзбекистон Республикасидаги фуқаролар, барча давлат идоралари ва бошқа мансабдор шахслар бажаришга мажбурлиги, шунга кўра, суд бу ишга алоқадор бўлган барча мансабдор шахслардан ва фуқаролардан суд қарорларини аниқ ва ўз вақтида бажаришларини ва суд қарорларини бажараётган суд ижрочиларига қонуний ёрдам кўрсатишлари талаб этилиши белгилаб қўйилган.

Шунга кўра, Мажбурий ижро бюроси Избоскан тумани бўлимининг 2019 йил 2 май кунги ижрони амалга ошириш ҳақидаги 9899-сонли хатига асосан, ФИБ Избоскан туманлараро судининг 2018 йил 11 январь кунги ҳал қилув қарори ва ижро варақаси ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йил 4 май куни соат 11.00да Избоскан тумани “Узункўча” маҳалла фуқаролари йиғинида жойлашган ноқонуний қурилмани буздириш тайинланган.