Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларига киритилиши режалаштирилган ўзгартириш ва қўшимчалар:

1-банддаги (Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида оммавий тадбирларни ташкил қилиш ва ўтказиш тартибини белгилайди ҳамда улар иштирокчилари, оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари маъмуриятларининг, ички ишлар органларининг оммавий тадбирларни ўтказишда фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш бўйича ўзаро муносабатлари, мажбуриятлари ва ҳуқуқларини тартибга солади) “ички ишлар органларининг” сўзларидан кейин “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва бошқа давлат органлари бўлинмаларининг” сўзлари қўшилади.

13-банднинг (Комиссияни ваколатли орган раҳбарининг тегишли ўринбосари бошқаради. Комиссиянинг таркибига ҳудудий ички ишлар органлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотларнинг вакиллари киради) биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Комиссияни ваколатли орган раҳбарининг тегишли ўринбосари бошқаради. Комиссия таркибига ҳудудий ички ишлар органлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотларнинг вакиллари киради”.

15-банднинг (Оммавий тадбирларни ўтказишда фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш чора-тадбирлари) тўртинчи хатбошидаги “ҳудудий ички ишлар органлари” сўзларидан кейин “ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг бўлинмалари” сўзлари қўшилади.

38-банднинг (Оммавий тадбирни ўтказишда фавқулодда вазиятлар юзага келиши ёки фуқароларнинг хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келганда комиссия томонидан янги юзага келган ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, объектнинг рухсат берилган оммавий тадбирни ўтказишга тайёрлигини ва оммавий тадбирни ўтказиш учун оммавий тадбир ташкилотчиси ва оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маъмурияти томонидан амалга ошириладиган тайёргарлик чора-тадбирлари ҳолатини ўрганувчи ишчи гуруҳ ташкил қилинади) иккинчи хатбошидаги “Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси” сўзлари “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Давлат хавфсизлик хизмати” сўзлари билан алмаштирилади.

IХ (Оммавий тадбирларни ўтказишда фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлашга қўйиладиган талаблар, улар иштирокчиларининг, оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари маъмуриятларининг ва ички ишлар органларининг уларга риоя қилиш бўйича мажбуриятлари ва ҳуқуқлари) бобнинг номидаги “оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари маъмуриятларининг ва ички ишлар органларининг” сўзлар “оммавий тадбирларни ўтказиш объекти маъмуриятининг, ички ишлар органларининг, Миллий гвардия ва бошқа давлат органларининг” сўзлар билан алмаштирилади.