9 май — Хотира ва қадрлаш куни Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида «Ўлмас полк» тадбирлари ўтказилди.

Ижтимоий тармоқларда Андижон ва Чирчиқ шаҳарларида «Ўлмас полк» тадбирлари ўтказилгани, уларда рус миллатига мансуб бўлган ўзбекистонликлардан ташқари ўзбеклар ҳам иштирок этишгани, улар қўлларида марҳум қариндошларининг суратларини кўтариб, кўксиларига Георгий ленталари олиб, кўчалар бўйлаб юриб ўтганини кўриш мумкин.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида жойлашган «Биродарлик қабристони»да ҳам «Ўлмас полк» тадбири ўтказилди, лекин ташкилотчиларнинг қабристондан Мустақиллик майдонигача марш қилиб бориш режаси амалга ошмади - шаҳар ҳокимлиги «жамоатчилик тартибини бузмаслик ва шаҳар йўлларида ҳаракатланишга халақит қилинмаслиги» учун оммавий тадбир кенг миқёсда ўтказилишига рухсат бермаган.

9 май куни Тошкент шаҳрида қизил байроқлар илинган автомобил ҳаракати ҳам кузатилди.

Қайд этиш керакки, шу куни бир гуруҳ ўзбек зиёлилари «Биродарлик қабристони»даги «Ўлмас полк» акциясига муқобил тарзда советлар тузуми қатағони қурбонлари Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Марям Султонмуродова, Олимжон Қодирий, Усмон Носир ва Файзулла Хўжаев каби истиқлолчилик ҳаракати намоёндаларининг суратларини кўтариб акция уюштиришди.

Эслатиб ўтамиз, 1999 йилнинг 2 мартида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов 9 май кунини Ғалаба куни эмас, Хотира ва Қадрлаш куни сифатида нишонланаш ҳақидаги фармонини имзолаганди.

«Уруш фахрийлари, иштирокчилари ва урушда Қурбон бўлганларнинг оилаларидан тушаётган кўплаб илтимосномаларни, халқимизнинг, жамоат ташкилотларининг билдираётган хоҳиш-иродасини инобатга олиб, Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашиб ҳалок бўлганларнинг, мамлакатимиз озодлиги ва мустақиллиги учун жон берган Ўзбекистоннинг барча ўғлонлари хотирасини абадийлаштириш муҳимлигини назарда тутган ҳолда, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган барча кишиларнинг ҳурматини жойига қўйиш мақсадида 9 май Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилинсин», дейилади фармон матнида.