Ҳамон Россияда ишлашда давом этаётган мустақил оммавий ахборот воситаларидан энг таниқлиси бўлган «Новая газета» нашри ҳам ёпилаётганини эълон қилди. Бир кун аввал таҳририят Москва шаҳри марказидаги Потаповский тор кўчасидаги офисдан кўчирилиши хабар қилинганди – нашр журналистлари сўнгги 29 йил мобайнида шу ерда ишлаб келаётганди. Шу муносабат билан Анна Политковская музейи ҳам ёпилади (музей у ишлаган кабинетда ташкил этилганди). Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан сўнг, РФ расмийлари нашр сайтини блоклаган ва газетанинг гувоҳномасини олиб қўйганди, 2026 йил сентябр ойида эса «Новая» «чет эл агенти» деб эълон қилинди. The Economist маълумотларига кўра, 26 октябр куни газета таҳририяти йиғилиши бўлиб ўтган ва унда нашрни ёпиш тўғрисида қарор қабул қилинган. 30 октябр куни эрталаб «Новая» ўз фаолиятини тўхтатишини расман маълум қилди. Қуйида «Новая газета» таҳририятининг баёноти тўлиқ келтирилади.
Бизни ўлдиришди
9 ноябр куни 30 йил яшаган уйимиздаги чироқларни ўчирамиз, серверларни ҳам ўчириб, чиқиб кетамиз. Газета энди йўқ. Россия ҳукумати ва Россия махсус хизматлари таҳририятни ишни тўхтатишга мажбур қилди.
Мамлакат ва унинг фуқаролари билан биргаликда ўтган ўттиз йилдан ортиқ умримиз биз учун пулсиз кўчада қолиш ва доимий қатағонлар хавфи остида якунланмоқда.
Умримизнинг кўп йиллари бахтли кечди – ижод ва умидлар, ўқувчилар, дўстлар, матнлар, филмлар билан. Баъзан бу йиллар жуда аччиқ ҳам бўларди.
Шунинг учун аччиқки, бандитлик авж олган 90-йилларда эмас, айнан мана шу режим бошқаруви даврида сиёсий сабабларга кўра, ўз касбий ва фуқаролик бурчини бажаргани учун ҳамкасбларимиз ўлдирилди: Игор Домников, Юрий Шчекочихин, Анна Политковская, Стас Маркелов, Анастасия Бабурова, Наталя Эстемирова.
Кўчириб юбориш тўғрисидаги хат билан бир вақтда бизга ўқувчиларимиздан хайрия олиш имконини берувчи донат тизимини ҳам ўчириб қўйишди. Яъни маблағдан маҳрум қилишди. Бутунлай.
Бу – мувофиқлаштирилган акция. Банкларнинг бу ишларни ўз ички корпоратив қоидаларидан келиб чиқиб қилаётгани ҳақидаги баҳоналари ҳеч кимни ишонтира олмайди. Бу – давлатнинг репрессив аппарати, ҳар бир ташкилот томи остига жойлашиб олган ФСБ ходимлари томонидан ўрнатилган ташқи қоидалардир. Улар мамлакатни ўз мулки деб ҳисоблашади.
Ҳарбий ҳаракатлар бошлангач, бошқа барча журналистлар қатори бизни ҳам ҳозирги даврнинг энг асосий ва фожиали воқеалари ҳақида гапириш имкониятидан маҳрум қилишди. Мамлакатга цензурани қайтарган қонунлар қабул қилинди. Кейинчалик бу цензура инсон ҳаётининг деярли барча соҳаларини қамраб олди.


















